Logo

«Илтимос қилманг, талаб қилинг»: Энергетика вазири тадбиркорларни «Электр тармоқлари»дан ўз ҳаққини талаб қилишга чақирди

Bugun 21:052 daqiqa

Шерзод Хўжаев газ ва электр таъминотидаги муаммолар, уланиш тартиби ва коррупция ҳолатлари юзасидан муносабат билдирди.

«Илтимос қилманг, талаб қилинг»: Энергетика вазири тадбиркорларни «Электр тармоқлари»дан ўз ҳаққини талаб қилишга чақирди © Foto: t.me/minenergy_uz

Янгийўл туманида Энергетика вазири Шерзод Хўжаев ва туман ҳокими Санъатбек Жуманиёзов иштирокида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Учрашувда вазир тадбиркорларни барча ҳужжатлари қонуний бўлса, таъминотчи корхоналардан ўз ҳуқуқларини талаб қилишга чақирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

«Ҳамма ҳужжатингиз тўғри бўлса, сиз «Электр тармоқлари»дан илтимос қилманг, талаб қилинг. Бунга тўлиқ ҳаққингиз бор», — деган Шерзод Хўжаев мулоқот давомида.

Тадбирда 27 нафар тадбиркор қатнашиб, электр ва газ таъминотидаги узилишлар, қиш ва ёз мавсумидаги қувват пасайиши, тармоқларга уланиш учун техник шарт олиш ва қарздорлик масалалари бўйича ўз мурожаатларини билдирган.

Мурожаатларнинг бир қисми жойида ҳал этилган, қўшимча вақт талаб этадиган масалалар бўйича эса масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинган. Шунингдек, ноқонуний фойдаланиш бўйича қўлланилган молиявий санкцияларни бекор қилиш ёки камайтириш вазирлик ваколатига кирмаслиги, бундай ишлар фақат суд тартибида кўриб чиқилиши маълум қилинган.

Коррупцияга қарши муросасизлик ва тармоққа уланиш тартиби

Тадбиркорларга электр ва газ тармоқларига уланиш бўйича техник шартлар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали электрон тарзда расмийлаштирилиши эслатиб ўтилди.

Таъкидланишича, бу каби масалаларни таъминот корхоналари ходимлари билан норасмий тартибда ҳал этишга йўл қўйилмайди.

«Агар тизим ходимлари томонидан манфаат эвазига ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилгани ҳақида маълумотлар мавжуд бўлса, тадбиркорлардан бу ҳақда тегишли органларга ёки Энергетика вазирлигига мурожаат қилиш сўралади», — дейилади хабарда.

Бундай ҳолатларга нисбатан муросасиз чоралар кўрилиши ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилиши қайд этилган. Расмий маълумотларга кўра, бу каби очиқ мулоқотлар давом эттирилади ва ҳозирда Янгийўл ҳамда бошқа 14 та туманда махсус штаблар фаолият юритмоқда.

Teglar

Mavzuga oid