Logo

Иш жойларида ўлимлар кўпайди. Қайси соҳаларда бахтсиз ҳодисалар кўп?

Kecha 15:053 daqiqa

2026 йилнинг январ–октябр ойларида Ўзбекистонда меҳнат фаолияти билан боғлиқ 771 та бахтсиз ҳодиса қайд этилди. Уларда 847 нафар киши жабрланиб, 231 нафари ҳалок бўлди.

Иш жойларида ўлимлар кўпайди. Қайси соҳаларда бахтсиз ҳодисалар кўп? © Sun'iy intelekt

Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ва меҳнат фаолиятидаги бахтсиз ҳодисалар оқибатида вафот этганлар сони йил бошидан буён 231 нафарга етди. Давлат меҳнат инспекцияси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки ўн ойида мамлакат бўйича 771 та шундай ҳодиса қайд этилган. Уларнинг 189 таси инсон ўлими билан якун топган.

Жабрланганлар сони ўтган йилнинг шу давридаги 742 нафардан 847 нафарга кўпайган. Бу эса 14,2 фоизлик ўсишни англатади. Ҳалок бўлганлар сони ҳам 2025 йилнинг январ–октябр ойларидаги 194 нафардан 231 нафаргача кўтарилиб, 19,1 фоизга ошган.

Қайси соҳаларда бахтсиз ҳодисалар кўпроқ?

Давлат меҳнат инспекцияси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг ўн ойида меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти саноат-ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳаларига тўғри келган.

Соҳа

Ҳодисалар сони

Умумий ҳодисалардаги улуши

Саноат ва ишлаб чиқариш

259

33,6%

Қурилиш

217

28,1%

Бошқа соҳалар

169

21,9%

Савдо ва хизмат кўрсатиш

36

4,7%

Транспорт ва логистика

26

3,4%

Қишлоқ ва сув хўжалиги

23

3,0%

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар

23

3,0%

Таълим

18

2,3%

Саноат ва қурилиш соҳаларида биргаликда жами 476 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Бу рақам умумий кўрсаткичнинг қарийб 61,7 фоизини ташкил қилади.

Ҳудудлар кесимида эса энг кўп бахтсиз ҳодиса Тошкент шаҳрида қайд этилган — 155 та ҳолат. Кейинги ўринларни Тошкент вилояти (106 та) ва Қашқадарё вилояти (71 та) эгаллаган.

Навоий вилоятида 65 та, Бухоро вилоятида 63 та, Андижон ва Самарқанд вилоятларининг ҳар бирида 54 тадан ҳодиса кузатилган. Фарғона вилоятида 44 та, Сирдарёда 34 та, Наманганда 30 та ва Қорақалпоғистонда 27 та ҳолат аниқланган. Энг кам кўрсаткич Хоразм вилоятига тегишли — 20 та ҳодиса.

Қурилишдаги ўлимлар сони ортиб бормоқда

Қурилиш соҳасидаги статистика алоҳида эътиборга лойиқ. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2026 йил январ ойида эълон қилган маълумотларга кўра, 2024 йилда қурилишда 204 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган ва улар оқибатида 71 нафар ишчи вафот этган.

2025 йилда эса ҳодисалар сони 234 тага, ҳалок бўлганлар сони 99 нафарга етган. Бир йилда бахтсиз ҳодисалар 14,7 фоизга, ўлимлар эса қарийб 39,4 фоизга кўпайган.

Жорий йилнинг дастлабки ўн ойида қурилишда 217 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Бу 2025 йилнинг бутун давомида қайд этилган 234 та ҳодисанинг қарийб 93 фоизига тенг. Бироқ 2026 йил бўйича қурилиш соҳасининг ўзида ҳалок бўлганлар сони мазкур статистикада алоҳида очиқланмаган.

Вазирлик қурилиш майдонларидаги бахтсиз ҳодисаларнинг асосий омиллари сифатида меҳнат хавфсизлиги талабларига риоя этмаслик, ишчиларни шахсий ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминламаслик, қурилиш объектларида доимий назоратнинг йўқлиги ва раҳбарларнинг масъулиятга етарлича эътибор қаратмаслигини кўрсатган.

Меҳнат инспекцияси 10 мингдан ортиқ хавфсизлик қоидабузарлигини аниқлади

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан ташқари, меҳнат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан назорат натижалари ҳам вазиятнинг бошқа томонини кўрсатади.

Давлат меҳнат инспекцияси 2026 йилнинг январ–сентябр ойларида 15 122 та назорат ва ўрганиш тадбирини ўтказган. Уларда меҳнат қонунчилигининг 36 133 та бузилиши аниқланган. Шундан 25 521 таси меҳнат ва аҳоли бандлиги қонунчилигига, 10 612 таси эса бевосита меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига тааллуқли бўлган.

Текширувлар натижасида жами 7 983 та маъмурий жарима қўлланилган. Уларнинг умумий қиймати 22,39 млрд сўмни ташкил этган. Шундан 8,65 млрд сўми ундирилган.

Инспекция шунингдек, иш берувчилар ўртасида меҳнат қонунчилиги ва хавфсизлик талабларини тушунтириш бўйича 13 373 та профилактика тадбирини ўтказган.

Жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар оилаларига қанча маблағ тўланди?

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг оқибати фақат жароҳат ёки инсон ўлими билан чекланмайди. Бундай ҳолатларда жабрланган ходимларнинг даволаниши, меҳнат қобилиятини йўқотиши ва ҳалок бўлганларнинг оилалари моддий таъминоти масаласи ҳам юзага келади.

Давлат меҳнат инспекцияси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–октябр ойларида бахтсиз ҳодисаларда жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг оилалари фойдасига бир марталик ҳамда ойлик тўловлар кўринишида жами 16 млрд 637 млн сўм ундириб берилган.

2025 йилда эса бахтсиз ҳодисалар билан боғлиқ зарарни қоплаш мақсадида 285 та даъво аризаси киритилган. Уларнинг 209 таси қаноатлантирилиб, иш берувчилардан 10 млрд 584 млн сўм ундирилган.

Teglar

Mavzuga oid