Logo

Исломий банклар, талаб ва қонунчилик: халқаро экспертлар Ўзбекистон ислом молиясининг келажаги ҳақида нима дейди?

Bugun 18:008 daqiqa

Самарқандда ўтказилган халқаро ислом молияси форумида Vaqt.uz мухбири иштирок этиб, Марказий Осиёда исломий молиянинг истиқболи, Ўзбекистонда банк хизматларига талаб ва соҳани ривожлантириш учун зарур қонунчилик масалалари юзасидан халқаро экспертлар билан суҳбатлашди.

Исломий банклар, талаб ва қонунчилик: халқаро экспертлар Ўзбекистон ислом молиясининг келажаги ҳақида нима дейди?

2026-йил 27–28-октябр кунлари Самарқандда Самарқанд ислом молия форуми (SIFF-2026) бўлиб ўтди. Ўзбекистон Марказий банки, Малайзиянинг INCEIF университети ва « Al Muamalat Consulting» МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда халқаро молия институтлари, Марказий Осиё мамлакатлари марказий банклари вакиллари, ислом молияси олимлари, хорижий банкларнинг мутахассислари ва маҳаллий экспертлар қатнашди.

Форумда Ислом тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Ислом молиявий хизматлари кенгаши (IFSB), Ислом молия институтлари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти (AAOIFI) ҳамда БМТ Тараққиёт дастури вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Малайзия, Индонезия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон марказий банклари мутахассислари ҳам минтақада ислом молиясини ривожлантириш бўйича тажриба алмашди.

Икки кун давомида Марказий Осиёда ислом молиясининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, соҳани ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий ва институционал шароитлар, халқаро стандартлар, капитал бозорлари, ликвидлик воситалари ва малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда биринчи исломий банк хизматлари лицензияси берилди

2

Форум доирасида Vaqt.uz мухбири билан суҳбатлашган Марказий банкнинг Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиботи департаменти катта мутахассиси Ҳамидулла Холиқов Ўзбекистонда исломий банк хизматларини кўрсатиш учун биринчи лицензия 2026-йил 23-октябрда «Openbank» акциядорлик жамиятига берилганини маълум қилди.

Унинг тушунтиришича, «Openbank» дастлаб 2022-йилда «Smartbank» номи билан анъанавий рақамли банк сифатида ташкил этилган. Кейинчалик номини ўзгартириб, «Openbank» акциядорлик жамияти сифатида фаолият юрита бошлаган. Энди банк анъанавий хизматлари билан бир қаторда исломий молия хизматларини ҳам таклиф қилиш имкониятига эга бўлди.

«Бу Ўзбекистон тарихида исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи биринчи лицензия ҳисобланади», — деди Ҳамидулла Холиқов.

Унинг айтишича, исломий банк хизматлари фаолиятини назорат қилишда шариат кенгашлари муҳим ўрин тутади. Ҳар бир исломий банкда ўз шариат кенгаши бўлиши кўзда тутилган. Муайян молиявий хизматлар ушбу кенгаш қарорлари ва амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб кўрсатилади.

Бундан ташқари, Марказий банк ҳузурида ҳам шариат кенгаши ташкил этилган. Банклар тегишли масалалар бўйича ушбу кенгашга мурожаат қилиб, маслаҳат ва тушунтиришлар олиши мумкин.

Яна 10 га яқин ариза кўриб чиқилмоқда

Исломий банк хизматларини йўлга қўйишга бошқа тижорат банкларида ҳам қизиқиш мавжуд. Ҳамидулла Холиқовнинг маълум қилишича, Марказий банкка ҳозиргача яна 10 га яқин ариза ва ҳужжатлар тақдим этилган. Улар тегишли департаментлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

«Айнан Марказий банкнинг тегишли департаментлари томонидан тақдим этилган аризалар кўриб чиқилмоқда. Қонунчилик талабларига мувофиқ ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, уларга тегишли лицензиялар берилиши кутилмоқда», — деди Марказий банк вакили.

Шу билан бирга, у банклар сони бўйича қатъий чеклов мавжуд эмаслигини тушунтирди. Тижорат банклари мустақил қарор қабул қилувчи ташкилотлар бўлгани учун исломий молия хизматларини йўлга қўйиш уларнинг акциядорлари ва раҳбариятининг қарорига боғлиқ.

Ўзбекистоннинг 2030-йилгача ривожланиш стратегиясида ҳам ушбу йўналишга алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, 2030-йилгача камида 3 та банкда исломий молия хизматларини йўлга қўйиш белгиланган. Жумладан, 2027-йилда камида битта банкда бундай хизматлар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Бироқ биринчи лицензия стратегияда белгиланган муддатдан олдин берилди. Холиқовнинг таъкидлашича, стратегияда «камида 3 та банк» ибораси ишлатилгани сабабли, қонунчилик талабларига жавоб берадиган банклар кўпроқ бўлса, уларнинг сони ҳам ошиши мумкин.

«Марказий Осиё ислом молиясининг янги ўсиш майдонига айланиши мумкин»

1

Остона халқаро молия марказининг исломий молия йўналиши раҳбари Мадина Тукулова Ўзбекистонда ушбу соҳанинг ривожланиш истиқболларини юқори баҳолади.

Унинг фикрича, мамлакатда исломий молия хизматларига талаб етарли. Банкларнинг исломий дарчалар очишга қизиқиши, давлат ва регулятор томонидан қўллаб-қувватлаш мавжудлиги бозор ривожланишига хизмат қилади.

Тукулова Ўзбекистонда биринчи лицензия берилганини ҳам муҳим қадам сифатида қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг «FinTech» компанияси Остона халқаро молия маркази платформасида сукук чиқарганини эслатди.

«Шубҳасиз, биз Ўзбекистонда исломий молиянинг жуда динамик ривожланишини кўрамиз. Банклар томонидан исломий дарчаларни очишга катта қизиқиш бор. Тегишли органларнинг кўмаги билан ушбу индустрия мамлакатда кенг ривожланади, деб ўйлайман», — деди у.

Экспертнинг фикрича, бу жараён фақат Ўзбекистон билан чекланиб қолмаслиги керак. Минтақа мамлакатлари биргаликда ҳаракат қилса, халқаро инвесторлар ва экспертларнинг Марказий Осиё ислом молияси бозорига қизиқиши ортади.

Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё дунёда ислом молияси учун кейинги йирик ўсиш майдонларидан бирига айланиши мумкин. Бунинг учун минтақавий ҳамкорлик ва халқаро тажрибадан фойдаланиш муҳим.

Покистон тажрибаси: ривожланиш учун 3–5 йил керак бўлиши мумкин

11

Форумда Покистоннинг энг йирик ислом банки — «Meezan Bank» асосчиси Ирфон Сиддиқий ҳам иштирок этди. У 29 йил давомида банкнинг бош ижрочи директори ва президенти лавозимларида ишлаган, ҳозирда эса унинг бошқарув аъзоси ҳисобланади.

Сиддиқийнинг айтишича, Ўзбекистондаги ҳозирги вазият унга Покистонда исломий банк тизими шакллана бошлаган даврни эслатган.

«Ўзбекистонга келганимда, Покистонда исломий банк ишини бошлаганимизга 30 йил бўлган даврга қайтгандек ҳис қилдим. Ўшанда қонунлар, сукуклар ва тартиб-қоидалар йўқ эди. Лекин вақт ўтиши билан ҳар йили вазият яхшиланиб борди», — деди у.

Эксперт Ўзбекистонда аҳолининг шариат тамойилларига мувофиқ молиялаштириш хизматларига эҳтиёжи борлигини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳозирча кўпчилик бундай хизматларнинг ишлаш механизмларини етарлича тушунмаслиги мумкин. Бироқ талабнинг мавжудлиги соҳа ривожланиши учун муҳим омил ҳисобланади.

Сиддиқий исломий банк хизматлари молиявий қамровни оширишга ҳам ёрдам бериши мумкинлигини айтди. Унинг фикрича, рибо сабабли анъанавий банклардан фойдаланмаётган айрим фуқаролар ўз жамғармаларини исломий банклар орқали расмий молия тизимига олиб кириши мумкин.

«Кўп одамлар рибо ва эътиқоди сабабли банкка пул қўйишмаяпти. Умид қиламизки, улар исломий банклардан фойдаланиб, жамғармаларини расмий тизимга жойлаштиради. Чунки пул расмий тизимга киргандан кейин иқтисодиётнинг ўсишига ёрдам беради. Агар жамғармани уйда сақласангиз, у иқтисодиётга ёрдам бермайди», — дея таъкидлади у.

Сиддиқий Ўзбекистонда исломий банклар тезда йирик тизимга айланишини кутмаслик кераклигини ҳам айтди. Унинг фикрича, аввал бозор шаклланиши, банклар ўз фаолиятини йўлга қўйиши ва мижозлар ишончини қозониши керак.

«Жараён бироз секинроқ кечади. Тизимнинг ўрнашиши ва кейин ўсиши учун уч-тўрт йил керак бўлиши мумкин. Шунинг учун жуда тез ўсишга интилмаслик, қадам-бақадам ҳаракат қилиш керак. Балки уч, тўрт ёки беш йилдан кейин жараёнлар автоматик равишда олдинга силжий бошлайди», — деди «Meezan Bank» асосчиси.

У Покистон тажрибасини Ўзбекистон билан бўлишишга тайёрлигини ҳам билдирди. Бунда Покистон Марказий банки, «Meezan Bank» ва таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари мавжудлигини қайд этди.

Тожикистон тажрибаси: қонунчиликни ҳам мослаштириш керак

3

Форумда Тожикистоннинг ислом молияси бўйича тажрибаси ҳам муҳокама қилинди. Тожикистондаги Имон фондининг исломий дарчаси директори Боймирзо Боймирзоев мамлакатда битта исломий банк ва тўртта исломий банк дарчаси фаолият юритаётганини маълум қилди.

У Ўзбекистонда исломий молия соҳасининг шаклланиши ва биринчи лицензиянинг берилишини муҳим қадам сифатида баҳолади. Унинг фикрича, Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик бутун минтақада ислом молияси бозорини ривожлантиришга ёрдам бериши мумкин.

Боймирзоев Ўзбекистонда соҳани тезроқ ривожлантириш учун, аввало, қонунчилик базасини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.

«Ислом молияси тўғрисидаги махсус қонунни қабул қилиш билан иш тугамайди. Солиқ қонунчилиги, Фуқаролик кодекси, Божхона кодекси ва бошқа тармоқ қонунлари ҳам янги қонунга мувофиқлаштирилса, яхши бўларди», — деди у.

Экспертнинг фикрича, барча тегишли қонунлар ва меъёрий ҳужжатларнинг ўзаро мувофиқлаштирилиши исломий банклар ва уларнинг дарчаларини очишни осонлаштиради. Бу, шунингдек, молиявий маҳсулотларни тасдиқлаш ва янги хизматларни ривожлантириш жараёнини тезлаштириши мумкин.

Ислом молиясини ривожлантириш учун яна нималар керак?

Самарқанд форумида ислом молиясини ривожлантириш фақат янги банклар очиш билан чекланмаслиги кераклиги ҳам кўрсатилди. Муҳокамалар 6 асосий йўналишни қамраб олди.

Биринчиси, Марказий Осиёда ислом молиясининг ҳозирги ҳолати, тартибга солиш ташаббуслари ва бозор динамикасини ўрганиш бўлди. Иккинчиси, минтақавий ҳамкорлик ва соҳа учун қулай экотизим яратиш масалаларига бағишланди.

Учинчи йўналишда ислом молияси стандартларига мос бошқарув тизимлари, таваккалчиликларни бошқариш ва ички назорат механизмлари муҳокама қилинди. Тўртинчисида ислом капитал бозорларини ривожлантириш, сукук каби молиявий воситалар, ликвидликни бошқариш ва зарур бозор инфратузилмаси масалалари кўриб чиқилди.

Бешинчи йўналиш инсон капиталини ривожлантириш, яъни ислом молияси бўйича мутахассислар тайёрлаш, профессионал таълим ва малака ошириш дастурларини йўлга қўйишга қаратилди. Олтинчи йўналишда эса жамоатчиликнинг молиявий саводхонлигини ошириш ва исломий молиявий хизматлардан фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Форумда халқаро стандартларга мувофиқ бошқарув тизимларини шакллантиришда AAOIFI ва IFSB каби ташкилотларнинг тажрибасидан фойдаланиш, исломий молия институтларида шаффофлик ва назоратни кучайтириш муҳимлиги ҳам қайд этилди.

Шунингдек, ислом капитал бозорларини ривожлантириш орқали молиялаштириш манбаларини кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва ликвидликни бошқариш воситаларини яратиш масалаларига эътибор қаратилди.

Бироқ форумда билдирилган фикрлардан кўринадики, Ўзбекистонда ислом молиясини ривожлантириш учун биринчи лицензиянинг берилиши бошланғич қадам ҳисобланади. Энди банклар фаолияти учун ҳуқуқий ва институционал шароитларни яратиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, молиявий маҳсулотлар таклифини кенгайтириш ва аҳолининг ишончини мустаҳкамлаш муҳим бўлади.

Ўзбекистоннинг 2030-йилгача камида 3 та банкда исломий молия хизматларини йўлга қўйиш режаси мавжуд. Марказий банкка яна 10 га яқин ариза келиб тушгани эса ушбу йўналишга молия бозори иштирокчиларида ҳам қизиқиш борлигини кўрсатмоқда. Аммо бу аризаларнинг қанчаси лицензия олиши ва янги хизматлар амалиётда қандай ривожланиши банкларнинг тайёргарлиги, қонунчилик талаблари ҳамда мижозлар талабига боғлиқ бўлади.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 227

Barchasi

Mavzuga oid