Logo

IT Park сентябрь ойида 105 та компанияни реестрдан чиқарди

Bugun 13:052 daqiqa

Сентябрь ойининг 15 кунида 105 та компания IT Park резидентлари реестридан чиқарилди. Йил бошидан буён қарийб 943 компаниянинг бундай мақоми бекор қилинди.

IT Park сентябрь ойида 105 та компанияни реестрдан чиқарди © Ijtimoiy tarmoqlar

Йил бошидан буён 943 та компания, сентябрь ойининг 15 кунида эса 105 та компания IT Park иштирокчилари реестридан чиқарилди. Бунга компанияларнинг белгиланган мажбуриятларни бажармагани сабаб бўлган, деб хабар бермоқда IT Park Uzbekistan.

Резидентлик мақомидан чиқарилган компанияларнинг энг катта қисми Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган. Пойтахтда уларнинг сони 433 тани ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида эса қуйидагича тақсимланган:

●     Тошкент вилояти — 77 та;

●     Самарқанд вилояти — 68 та;

●     Қорақалпоғистон Республикаси — 60 та;

●     Фарғона вилояти — 56 та;

●     Хоразм вилояти — 38 та;

●     Сирдарё вилояти — 36 та;

●     Сурхондарё вилояти — 33 та;

●     Наманган вилояти — 29 та;

●     Қашқадарё вилояти — 25 та;

●     Навоий вилояти — 24 та;

●     Жиззах вилояти — 22 та;

●     Андижон вилояти — 21 та;

●     Бухоро вилояти — 21 та.

Резидентлар қандай талабларга риоя қилиши керак?

IT Park резиденти мақоми компанияларга қонунчиликда белгиланган имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш, шунингдек, бизнесни ривожлантириш ва халқаро бозорларга чиқишга қаратилган қўллаб-қувватлаш дастурларида қатнашиш имконини беради.

Бироқ ушбу мақомни сақлаб қолиш учун компаниялар белгиланган талабларга риоя қилиши керак. Асосий талаблар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июлдаги 589-сон қарори ҳамда IT Park билан тузилган шартномаларда белгиланган.

Жумладан, резидент компаниялар:

●     тасдиқланган фаолият йўналишлари ва бизнес-режа доирасида ишлаши;

●     фаолият натижалари тўғрисидаги маълумотларни белгиланган муддатларда тақдим этиши;

●     ҳар йили аудитдан ўтиши;

●     IT Park билан тузилган шартнома шартларига риоя қилиши лозим.

Белгиланган талабларнинг бажарилиши компаниянинг IT Park резиденти мақомини сақлаб қолиши ҳамда ушбу мақом доирасидаги имтиёз ва қўллаб-қувватлаш чораларидан фойдаланишда давом этиши учун зарур.

Vaqt.uz аввалроқ IT Park резидентларининг хизматлар экспорти 392,5 миллион долларга етгани ҳақида хабар берганди. Кўрсаткич ўтган 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 90,3 миллион долларга ошган.

Teglar

Mavzuga oid