Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Пахтакор»ни молиялаштиришни тўхтатмоқчи
Ҳозирча клубнинг ҳамкорлик тўхтатилганидан кейинги бошқарув модели ва молиялаштириш манбалари ҳақида расмий маълумот берилмаган.

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Пахтакор» футбол клуби билан ҳамкорликни тўхтатишини маълум қилди. Бу ҳақда клуб ходимлари маълумотига таяниб, футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ўзининг Telegram каналида хабар берди.
Клуб ходимларининг айтишича, бу қарор уларга 24-август куни маълум қилинган. Никимбаевнинг ёзишича, Ортиқхўжаевнинг «Пахтакор»дан кетиши кутилган воқеа бўлган, аммо қарорнинг бунчалик тез қабул қилиниши кутилмаган.
Айни пайтда ҳамкорлик тўхтатилганидан кейин клубнинг кейинги режалари қандай бўлиши номаълумлигича қолмоқда.
Маълумот учун, «Пахтакор»нинг Осиё Элит Чемпионлар лигасидаги илк учрашувига уч ҳафтага яқин вақт қолган. Жамоа мусобақани Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» клубига қарши ўйин билан бошлайди. Учрашув жорий йилнинг 14 сентябрь куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Бунёдкор» футбол клубидаги оғир молиявий ҳолат сабаб Суперлиганинг 15-турида «Қизилқум»га қарши Навоийда ўтиши керак бўлган учрашувга бора олмаслигини Профессионал футбол лигасига расман маълум қилган эди. Шундан сўнг клубга давлат томонидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилган.





