Logo

Келажакка мактуб: АҚШ 250 йилдан кейин очиладиган «вақт капсуласи»ни ерга кўмади

Bugun 08:301 daqiqa

Америка мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан ер остига махсус вақт капсуласи жойлаштирилади. Уни фақат 2276 йилда очиш режалаштирилган.

Келажакка мактуб: АҚШ 250 йилдан кейин очиладиган «вақт капсуласи»ни ерга кўмади

АҚШда келажак авлодлар учун мўлжалланган юқори технологияли «вақт капсула»си тайёрланди. «Popular Science» маълумотига кўра, у 4 июл куни мамлакат мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан Филаделфия шаҳрида ер остига кўмилади.

Капсула «Мустақиллик миллий тарихий боғи» ҳудудида сақланади. Бу ҳудуд АҚШ тарихида алоҳида ўрин тутади, чунки айнан шу ерда Мустақиллик декларацияси ва мамлакат Конституцияси имзоланган.

Лойиҳада мамлакатнинг барча 50 штати, Колумбия округи ва АҚШга қарашли беш ҳудуд иштирок этди. Капсула ичига XXI аср Америкасини келажак авлодларга таништириши кутилган ноёб буюмлар жойлаштирилган.

Капсулада нималар бор?

Экспонатлар орасида ака-ука Райтлар самолётидан олинган мато бўлаги, шимолий Атлантика китининг суяги, Фуқаролар уруши даврига оид бургут пати, Олимпия ўйинлари олтин медали ҳамда «Apple iPhone 17 Pro Max» смартфони мавжуд.

Лойиҳа «America250», АҚШ Миллий стандартлар ва технологиялар институти, Конгресс кутубхонаси, Миллий боғлар хизмати ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилди.

250 йиллик хабар

Вақт капсуласи махсус технология асосида зангламайдиган пўлатдан тайёрланган. У икки қаватли конструкцияга эга бўлиб, ички контейнер артефактларни сақлайди, ташқи қўнғироқсимон қобиқ эса ҳаво қатламини ҳосил қилиб, намлик ва ташқи таъсирдан ҳимоя қилади.

Лойиҳа муаллифлари капсулани айнан 2276 йил 4 июл куни — АҚШ мустақиллигининг 500 йиллиги нишонланадиган санада очилишини режалаштирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid