Кобулда минтақавий мулоқот бўлиб ўтди

Афғонистонда 2021 йилдан бери илк бор Марказий Осиё давлатлари билан кўп томонлама маслаҳатлашув мулоқоти ўтказилди.

Кобулда минтақавий мулоқот бўлиб ўтди © Фото: alemarahenglish.af

Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида «Афғонистон — Марказий Осиё маслаҳатлашув мулоқоти» ўтказилди. Бу ҳақда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Ушбу учрашув 2021 йилдан бери биринчи марта Афғонистон ҳудудида ташкил этилган. Бунгача Марказий Осиё давлатлари «Толибон» вакиллари билан Остона, Тошкент ва бошқа шаҳарларда учрашган.

Минтақа давлатлари иштироки

Мулоқот Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган.

Тадбирда Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон вакиллари иштирок этган.

Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усманов, Афғонистондаги элчи Ойбек Усмонов ҳамда президентнинг махсус вакили Исматулла Иргашев қатнашган.

Учрашувга Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий бошчилик қилган. У ўз нутқида мамлакатда «барқарорлик таъминлангани» ва ташқи сиёсат иқтисодий ҳамкорликка йўналтирилаётганини таъкидлаган.

Иқтисодий интеграция режалари

«Мулоқотдан мақсад — Афғонистон ва Марказий Осиё ўртасидаги сиёсий мулоқотни кенгайтириш, иқтисодий интеграцияни рағбатлантириш ва дипломатик алоқаларни мустаҳкамлашдир», — деган Афғонистон ташқи ишлар вазири.

Маълум қилинишича, 2025 йилда Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,7 миллиард долларни ташкил этган. Томонлар келгуси 3–4 йил ичида ушбу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid