Кушербаев яна ютқазди
Фуқаро Расул Кушербаев “заправка”ларда нақд пул қабул қилинмаслиги оид биринчи инстанция суди қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти киритган. 17-июль куни Тошкент шаҳар суди ФИБ судлов ҳайъати ушбу апелляция шикоятини кўриб чиқди.

Президент фармонига кўра, Ўзбекистонда 1-апрелдан бир қатор товарлар ва хизматлар учун нақд тўловларни амалга ошириш тақиқланди. Хусусан, ёнилғи қуйиш шохобчаларида ҳам ушбу тартиб жорий этилган. Мазкур масала ҳамон баъзи эътирозларга сабаб бўлмоқда.
“Заправка”ларда нақд пул қабул қилинмаслиги бўйича фуқаро Расул Кушербаев ёнилғи қуйиш шохобчасини судга берганди. Биринчи инстанция суди унинг тадбиркор устидан берган шикоятини қаноатлантирмаганди. Фуқаро Расул Кушербаев биринчи инстанция суди қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти киритган. 17-июль куни Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ушбу апелляция шикоятини кўриб чиқди.
Vaqt.uz мухбирининг хабар беришича, суд ҳайъати томонидан ОАВ ходимларига суд мажлисида фақат аудио ёзувга олишга рухсат берилган.
Даъвогар Расул Куширбоевнинг жавобгар “Ласт анд Груп” МЧЖга нисбатан нақд пул маблағларини қабул қилишдан бош тортишда ифодаланган хатти-ҳаракатини ноқонуний деб топиш, нақд пул маблағларини қабул қилиш мажбуриятини юклаш ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси бўйича юритилган ФИБ Яккасарой туманлараро судининг 2026-йил 3-июльдаги ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикояти бўйича судлов ҳайъати ажрим қилди. Мазкур иш бўйича қабул қилинган ФИБ Яккасарой туманлараро судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, берилган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмидан даъвогар Расул Кушербоевдан давлат даромадига 824 минг сўм ундиришга оид қисми чиқарилиши белгиланди.





