Лазер қурилмаларини ноқонуний ишлаб чиқарганлик учун жарималар белгиланди

Bugun 15:152 daqiqa

Ўзбекистонда портатив лазерли нур тарқатгичларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жарималар 6 млн сўмдан 20 млн сўмгача миқдорда бўлади.

Лазер қурилмаларини ноқонуний ишлаб чиқарганлик учун жарималар белгиланди © freepik.com

Ўзбекистонда портатив лазерли нур тарқатгичларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистондан олиб чиқиш учун жавобгарлик белгиланди. Бу 17-апрел куни қабул қилинган айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунда белгиланди.

Жарималар миқдори

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, портатив лазерли нур тарқатгичлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш аниқланганда, ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 25 бараваригача (6 млн 180 минг сўмдан 10 млн 300 минг сўмгача) жарима солинади.

Портатив лазерли нур тарқатгичларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистондан олиб чиқиш аниқланганда эса ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда (6 млн 180 минг сўмдан 12 млн 360 минг сўмгача) жарима солинади.

Портатив лазерли нур тарқатгичларни қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки Ўзбекистонга олиб киришда ҳам ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилиниб, БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда (10 млн 300 минг сўмдан 20 млн 600 минг сўмгача) жарима солинади.

Шунингдек, ушбу мазкур қонун билан маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ҳамда таянч пунктларининг таркиби, уларда хизмат қилувчи инспекторларнинг ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бу ўзи қандай қурилма ва уни ишлатиш нега чекланмоқда?

Портатив лазерли нур тарқатгичлар ихчам, батарея ёки аккумулятор ёрдамида ишлайдиган, ингичка ва юқори концентрацияли ёруғлик нурини ҳосил қилувчи қурилмалардир. Улар бугунги кунда таълим, қурилиш, медиа ва илмий тадқиқотларда кенг қўлланилади.

Бироқ лазер нури билан ишлашда ўта эҳтиёткор бўлиш зарур, чунки нотўғри фойдаланиш соғлиққа зарар етказиши мумкин. Ҳатто паст қувватли лазер ҳам кўз тўрпардасига жиддий шикаст етказиши мумкин.

Самолётларнинг учиши ёки қўниши пайтида уларнинг экипажига лазер нурлари йўналтирилиши қўниш ёки парвоз жараёнида экипаж диққатини чалғитиб, ҳалокат хавфини оширади.

Жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига лазер нурлари йўналтирилиши натижасида кўзнинг вақтинча кўрмай қолиши, бу эса содир бўлиши мумкин бўлган тартибсизликларнинг олдини олишда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис, хорижий давлатларда ҳам лазер қурилмалардан  фойдаланишни чекловчи қонунлар қабул қилинган.

Teglar

Mavzuga oid