Мансабдор шахснинг ноқонуний қарори туфайли етказилган зарарни қоплаш тартиби белгиланди

Bugun 16:352 daqiqa

Сенат мансабдор шахслар қарорлари туфайли етказилган зарарни давлат ҳисобидан қоплаш тартибини белгилайдиган қонунни маъқуллади.

Мансабдор шахснинг ноқонуний қарори туфайли етказилган зарарни қоплаш тартиби белгиланди

Ўзбекистонда давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан қабул қилинган ноқонуний қарорлар натижасида етказилган зарарни қоплаш тартиби аниқ ҳуқуқий асосга эга бўлмоқда. Сенатнинг 14-ялпи мажлисида ушбу масалага бағишланган қонун муҳокама қилиниб, маъқулланди.

Амалдаги вазият

Амалда бу соҳадаги муносабатлар ягона қонун билан эмас, балки 10 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари орқали тартибга солиб келинган. Бу эса амалиётда турли талқинлар ва мураккаб жараёнларни келтириб чиқараётгани таъкидланди.

Хусусан, фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган зарарни давлат бюджети ҳисобидан қоплаш бўйича аниқ механизмлар мавжуд эмаслиги асосий муаммолардан бири сифатида кўрсатилди. Шу сабабли мазкур йўналишда алоҳида қонун қабул қилиш зарурати юзага келган.

Давлат томонидан қопланган маблағ айбдордан ундирилади

Янги қонун давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан содир этилган қонунга хилоф қарор, ҳаракат ёки ҳаракатсизлик натижасида етказилган зарарни қоплаш тартибини белгилайди. Шунингдек, давлат томонидан қопланган маблағни кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириш механизми ҳам назарда тутилган.

Қонунга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари айбдор шахс ишлаётган ёки аввал ишлаган давлат органига талабнома киритиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу давлат харажатларини қайтариш имконини беради.

Шу билан бирга, ҳужжатда қонунийлик, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлиги, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, очиқлик ва шаффофлик каби асосий принциплар мустаҳкамланган. Мулкий зарарларни қоплаш учун ҳудудий мақсадли жамғармаларни шакллантириш ва уларнинг манбалари ҳам аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Сенаторлар фикрича, ушбу қонун фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органлари фаолиятида масъулиятни ошириш ва айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортишда муҳим аҳамиятга эга.

Teglar

Mavzuga oid