Март ойида сўм курси қандай ўзгарди?
Март ойида жаҳон бозорларидаги кескин ноаниқликлар фонида кўплаб валюталар қадрсизланган бир пайтда, сўм долларга нисбатан атиги 0,3 фоизга пасайди.

Март ойида жаҳон иқтисодиётида кузатилган геосиёсий кескинликлар молия бозорларида ноаниқликларни кескин оширди. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, февраль ойи охирида Эронга боғлиқ вазиятнинг кескинлашиши инвесторларнинг хатардан қочиш кайфиятини кучайтирган.
Натижада, АҚШ қимматли қоғозлари хавфсиз актив сифатида янада жозибадор бўлиб, долларга бўлган талаб ортиб кетди.

Бу жараён март ойида валюта бозорларида кенг кўламли босимни юзага келтирди. Таҳлил қилинган 39 та валютадан деярли барчаси долларга нисбатан қадрсизланди ёки ўзгаришсиз қолди. Фақат Қозоғистон тенгеси долларга нисбатан мустаҳкамланиб, 3 фоизлик ўсишни қайд этди. Бу ҳолат нефт нархларининг юқори ўсиши билан изоҳланмоқда.
Йирик халқаро валюталар ҳам пасайиш тенденциясини кўрсатди. Жумладан, швейцария франки 2,9 фоизга, япон иенаси 2 фоизга, евро 1,6 фоизга ва фунт стерлинг 1 фоизга қадрсизланди. Шу билан бирга, нефть нархлари юқори даражада бўлишига қарамасдан, Россия рубли 5,1 фоизга пасайди. Бу ҳолат миллий жамғармадан валюта сотувларининг тўхтатилгани ва пул-кредит сиёсатида юмшаш давом этаётгани билан изоҳланади.
Ўзбекистон миллий валютаси — сўм ушбу шароитда нисбатан барқарор динамикани намоён этди. Март ойида у долларга нисбатан атиги 0,3 фоизга қадрсизланиб, энг кам пасайган валюталардан бири бўлди.

Йиллар кесимида қаралганда, жорий йил март ойидаги кўрсаткич 2025 йилга нисбатан бироз юқори бўлса-да, 2022–2024 йиллардаги ўзгаришларга нисбатан сезиларли даражада паст.

Шу билан бирга, сўмнинг тебранувчанлиги ҳам камайгани қайд этилди. Март ойида кунлик ўртача тебранувчанлик 0,18 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2025 йил май ойидан буён энг паст даража ҳисобланади.
Таққослаш учун, ой давомида сўмнинг кунлик ўртача тебранувчанлиги 0,18 фоиз бўлган бўлса, бу кўрсаткич тенгеда 0,45 фоиз, рублда эса 0,98 фоизни ташкил этган.
Умуман олганда, март ойида глобал иқтисодий босимлар кучайганига қарамасдан, сўм курсининг нисбатан барқарор сақланиши миллий валюта бозоридаги мувозанат ва эҳтиёткор макроиқтисодий сиёсат натижаси сифатида баҳоланмоқда.





