Метро бекатларида ойнали тўсиқлар ўрнатилади, йўл ҳақи эса масофага қараб белгиланиши мумкин

Bugun 20:332 daqiqa

Қолаверса, бўш турган бино ва хоналарни коворкинг ва кичик офис сифатида тадбиркорларга аукцион асосида ижарага бериш таклиф этилди.

Метро бекатларида ойнали тўсиқлар ўрнатилади, йўл ҳақи эса масофага қараб белгиланиши мумкин

2030 йилгача Тошкент метрополитенида кунлик йўловчилар сонини 1,8 миллион нафарга етказиш, бекатлар сонини 79 тага, линиялар узунлигини эса 103 километргача ошириш мақсад қилинган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев метрополитен инфратузилмасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш юзасидан тақдим этилган таклифлар билан танишганда маълум қилинди.

Поездлар ҳаракати интервалини босқичма-босқич 1,5–3 дақиқагача қисқартириш кўзда тутилган. 2026–2028 йилларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва фуқаро муҳофазаси объектларининг техник базасини такомиллаштириш чоралари кўрилади.

Ойнали ҳимоя тўсиқлари

Йўловчилар хавфсизлигини кучайтириш мақсадида «Шаҳристон» метро бекати платформаларида синов тариқасида ойнали ҳимоя тўсиқлари ўрнатилади. Халқаро тажрибага кўра, бундай тўсиқлар платформалардаги бахтсиз ҳодисаларни 80–90 фоизгача камайтириш имконини беради ва қўшимча реклама майдони сифатида хизмат қилади.

Тижорий имкониятлар

Метрополитенда қўшимча даромад манбаларини шакллантириш учун вагон ва платформалардаги рақамли реклама майдонлари аукцион орқали ижарага берилади. Шунингдек, бекатларда вендинг аппаратлари, кичик савдо шохобчалари жойлаштирилади, станциялар олдида автотураргоҳлар ва «Park&Ride» тизими ташкил этилади. Бўш турган бино ва хоналарни коворкинг ҳамда кичик офис сифатида тадбиркорларга ижарага бериш таклиф этилди.

2027–2030 йилларда метрополитен учун зарур бўлган янги ҳаракат таркибларини харид қилиш ва улар учун янги электродепо қуриш режалаштирилган. Шу билан бирга, 2027–2035 йилларда Тошкент метрополитенини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш белгиланмоқда. Унда тармоқларни икки баробарга кенгайтириш ва йўловчи ташиш ҳажмини 2,5 баробарга ошириш вазифалари қамраб олинади.

Янги тўлов тартиби

Йўл кира ҳақини тўлаш тизими ҳам такомиллаштирилади. Хорижий тажриба асосида масофага қараб тўлаш, аҳоли тоифалари учун имтиёзлар, шунингдек, кунлик, ҳафталик ва ойлик абонементлар тизимини жорий этиш имкониятлари ўрганилади.

Президент тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, уларни амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқларни берди.

Teglar

Mavzuga oid

Метро бекатларида ойнали тўсиқлар ўрнатилади, йўл ҳақи эса масофага қараб белгиланиши мумкин | Vaqt.uz