Миграция агентлиги интернетда тарқалган маълумотларга расмий муносабат билдирди
Аввалроқ халқаро қидирувга берилган Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ мулозими Азизбек Тоштемиров Миграция агентлигининг амалдаги раҳбари Беҳзод Мусаев ва собиқ раҳбари Афзал Ирматовни йирик коррупцияда айблаётганлиги ҳақида хабар берилганди.

Миграция агентлиги идора раҳбарияти ва ходимларига нисбатан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумотлар юзасидан расмий муносабат билдирди.
«Сўнгги вақтларда айрим Telegram каналлари ва бошқа интернет ресурсларида Миграция агентлиги раҳбарияти ҳамда ходимларига нисбатан ҳақиқатга тўғри келмайдиган, текширилмаган ва бир томонлама талқин қилинган маълумотлар тарқатилмоқда», — дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар бўйича ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда текширув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва экширув натижаларига кўра барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилади.
Шунингдек, агентлик фуқароларни давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига оид ҳар қандай маълумотларни фақат расмий манбалар ва ишончли далилларга асосланган ҳолда баҳолашга чақирди.
«Айрим интернет ресурслари орқали шахсий маълумотларни тарқатиш, шаън ва қадр-қимматга путур етказувчи маълумотларни эълон қилиш, шунингдек, жамоатчиликни чалғитишга қаратилган ҳаракатларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади», — дейилган агентлик расмий хабарида.
Шу билан бирга, Миграция агентлиги ўз фаолиятини очиқлик, қонунийлик ва жавобгарлик тамойиллари асосида давом эттиришини ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда барча ҳолатларга ойдинлик киритилишини маълум қилди.