Намангандаги воқеа ортидан барча давлат боғчаларида текширув бошланди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Наманган вилоятидаги давлат боғчасида 5 ёшли тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравонлик ҳолати ортидан махсус ишчи гуруҳ тузди.

Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотида 5 ёшли қизалоқнинг жинсий зўрланиши ортидан махсус ишчи гуруҳ тузилди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилди.
Вазирликка кўра, ишчи гуруҳ воқеани атрофлича ўрганади, шунингдек, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқади.
«Воқеага алоқадор ҳамда ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашган тизимдаги барча ходимлар ва мансабдор шахсларга нисбатан тегишли ташкилотлар ваколати доирасида зарур чоралар кўрилиши, айбдорлар жазоланиши таъминланади», — дейилади вазирлик муносабатида.
Таъкидланишича, таълим ташкилотининг воқеага дахлдор деб гумон қилинган ходимлари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.
Вазирлик маълумотига кўра, бундай ҳолатларнинг бошқа мактабгача таълим ташкилотларида ҳам такрорланишининг олдини олиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳозирда барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари текширилмоқда.
Аввалроқ Учқўрғон туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотида 5 ёшли тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравонлик ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган эди. Болалар омбудсмани маълумотига кўра, Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми ҳамда 112-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят содир этганликда гумонланаётган К.М. шу куни процессуал тартибда ушланган ва суд томонидан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотига кўра, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари жабрланувчи бола ва унинг оиласига психологик, тиббий, ижтимоий ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда. Болалар омбудсмани эса иш доирасида жабрланувчи боланинг қонуний манфаатлари таъминланишини кузатиб бормоқда.





