Нефт бозоридаги парадокс: хомашё кўпайди, аммо нарх тушмаяпти — «Bloomberg»
G7 давлатлари захираларидан 100 млн баррелгача нефт чиқаришга қарор қилган бўлса ҳам, нефт нархи урушдан олдинги даражага қайтмади. Ҳозир унинг нархи уруш бошланган пайтдагидан қарийб 40 фоиз юқори. Хом нефт етказиб беришнинг тикланиши дунёдаги ёқилғи танқислиги, айниқса дизел муаммосини ҳал қилмаяпти. Яқин Шарқ ва Россия — нефтни қайта ишлаш бўйича дунёдаги энг йирик марказлардан иккитаси. Аммо улардан нефт маҳсулотлари экспорти ҳали ҳам чекланган.
© MidjourneyЯқин Шарқдан нефт етказиб бериш ҳажми деярли урушдан олдинги даражага қайтди. Аммо бир баррел нефт ҳали ҳам 100 доллардан қиммат. G7 давлатлари фавқулодда нефт захираларини очишга қарор қилганидан кейин ҳам нархни туширишнинг иложи бўлмади.
«Bloomberg»нинг ёзишича, бунинг бешта асосий сабаби бор: АҚШ ва Эрон ўртасида можаро яна кучайишидан қўрқиш, нефт ташиш харажатларининг кескин ошиши, нефт захираларининг камайиши, дизел ёқилғиси танқислиги ва инфляциядан ҳимояланиш учун нефт харидларига қизиқишнинг ортиши.
Ҳозир нефт нархи Эрон билан уруш бошланган даврдагидан тахминан 40 фоиз қиммат. Юқори нархлар инфляцияни тезлаштириб, саноат ва истеъмолчиларга босим қилмоқда. 2-октябр куни G7 давлатлари ва уларнинг ҳамкорлари 100 миллион баррелгача нефт ва дизел ёқилғисини бозорга чиқаришини маълум қилди. Аммо бозор бу қарорга деярли эътибор бермади.
Асосий омил — хавотир
Бозор иштирокчилари ҳали тугамаган уруш исталган пайтда яна кучайиб кетишидан хавотирда. АҚШ ва Эрон можарони тугатиш шартлари бўйича ҳануз келишувга яқинлашгани йўқ. Баҳордаги каби кенг кўламли жанглар ҳозир кузатилмаяпти, аммо томонлар вақти-вақти билан бир-бирига зарба бермоқда. Айни пайтда АҚШ Форс кўрфазига яна бир авианосец ва қўшимча ҳарбий кучларни юборяпти.
Эрон эса Ҳормуз бўғозини назорат қилишга ҳаракат қилиб, айрим кемаларга ҳужум қилмоқда. Урушдан олдин жаҳон нефтининг қарийб 20 фоизи айнан шу бўғоз орқали ташилар эди.
Яна бир муҳим нефт ташиш йўли ҳам хавф остида. Эрон қўллаб-қувватлайдиган Ямандаги ҳусийлар Қизил денгизда, Боб-ул-Мандаб бўғози орқали Саудия кемаларининг ҳаракатига тўсқинлик қилишини эълон қилди. Айрим танкерлар ҳали ҳам бу тор бўғозлар орқали ўтмоқда. Аммо нефт ташиш логистикаси кескин қимматлашди. Масалан, Форс кўрфазидан нефт ташийдиган танкерлар баъзан бўғоз орқали бир неча марта қатнаб, нефтни бир кемадан бошқасига юклаб, одатдагидан фарқли йўналишлардан фойдаланмоқда.
Форс кўрфазидан Хитойга танкер ижараси учун тўлов рекорд даражага чиқиб, кунига 1,2 миллион доллардан ошган. Хитойнинг «Guotai Junan Futures» компанияси катта таҳлилчиси Чжао Сюйининг таъкидлашича, асосий муаммо — нефт етказиб бериш ҳажмининг тикланиши тизим тўлиқ нормал ҳолатга қайтди, дегани эмас. Бозор нефт қанча миқдорда қазиб олинаётганигагина эмас, балки уни хавфсиз, ишончли ва арзон етказиб бериш мумкинми-йўқми, деган саволга ҳам қарайди.
Нефт захиралари ҳам камайиб кетган
Уруш даврида нефт захиралари ҳам анча қисқарди. «Energy Aspects» консалтинг компанияси маълумотига кўра, ҳозир дунёда тахминан 4,3 миллиард баррел нефт захирада сақланмоқда. Урушнинг биринчи тўлиқ ойи бўлган мартдан бери захиралар 400 миллион баррелдан кўпроққа камайди. Оқибатда захиралар сўнгги беш йилдаги энг паст даражага тушди.
Шу билан бирга, нефтга бўлган талаб қайта тикланди. Нархлар кескин ошганидан кейин талаб май ойида энг паст нуқтага тушган эди. Ҳозир эса кунлик талаб тахминан 104,8 миллион баррелни ташкил қилмоқда. Бу аввалги даражадан 6,5 миллион баррелга кўп.
Нефт кўпайиши дизел муаммосини ҳал қилмаяпти
Хом нефт етказиб беришнинг тикланиши дунёдаги ёқилғи танқислиги, айниқса дизел муаммосини ҳал қилмаяпти. Яқин Шарқ ва Россия — нефтни қайта ишлаш бўйича дунёдаги энг йирик марказлардан иккитаси. Аммо улардан нефт маҳсулотлари экспорти ҳали ҳам чекланган.
Россия ва Украина ўртасидаги уруш сабаб Россиядаги кўплаб нефтни қайта ишлаш заводларидан экспорт қилиш имконияти чекланган. Шунинг учун бошқа минтақалардаги заводлар ўз имкониятларининг чегарасида ишламоқда. Уларнинг ускуналари ҳаддан ташқари юклама остида ишлаётгани учун кутилмаган авариялар ва тўхташлар хавфи ҳам бор. Шу сабабли заводлар барқарор нефт етказиб бериш учун юқори нарх тўлашга ҳам тайёр.
Чикагодаги «Karobaar Capital» компаниясининг инвестициялар бўйича бош директори Харис Хуршиднинг айтишича, дунё нефт таъминотининг бир қисмини йўқотди, захиралардан фойдаланиб бўлди ва нефтни дизел ҳамда бошқа маҳсулотларга айлантириш имконияти ҳам чекланди. Шунинг учун нефт етказиб беришнинг қайта тикланиши муаммони бир зумда ҳал қилмайди.
Яна бир сабаб — молиявий бозор
Нефт нархининг юқори бўлиб қолишининг яна бир сабаби молиявий омиллар билан боғлиқ. Турли мамлакатларнинг марказий банклари қиммат ёқилғи инфляция босимини кучайтиришидан огоҳлантирмоқда. Бу эса келажакда фоиз ставкаларининг ошишига олиб келиши мумкин. Трейдерларнинг айтишича, облигациялар даромадлилиги ошгани сабабли сўнгги ҳафталарда нефт яна инфляциядан ҳимояланиш воситасига айланди. Яъни айрим инвесторлар пул қадрсизланишидан ҳимояланиш учун нефт сотиб олмоқда. Бу нефтга бўлган ҳақиқий, жисмоний талаб эмас. Аммо у ҳам нархларни юқорига итармоқда.
2-октябр куни Хитой нефт маҳсулотлари экспортини тўхтатганидан кейин Brent нефти нархи 4 доллардан кўпроққа ошиб, бир баррел учун 102 долларга етди. Дизел бозоридаги вазиятни Россия ҳам янада мураккаблаштирмоқда. Украина дронларининг Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлари сабаб Москва дизел ёқилғиси экспортига қўйилган тақиқни узайтирди. Ваҳоланки, Россия аввал дунёдаги денгиз орқали амалга ошириладиган дизел ёқилғиси таъминотининг тахминан 10 фоизини таъминлар эди.





