Logo

Нефт нархи тўртинчи ой кетма-кет кўтарилмоқда: «Brent» 117 доллардан юқорига чиқди

Bugun 17:584 daqiqa

Яқин Шарқдаги кескинлик ва нефт ташиш йўлларига бўлган таҳдидлар «Brent» нархини октябр ойида 13,6 фоизга оширди.

Нефт нархи тўртинчи ой кетма-кет кўтарилмоқда: «Brent» 117 доллардан юқорига чиқди

Дунё бозорида нефт нархи 2026 йил октябр ойини тўртинчи ой кетма-кет ўсиш билан якунлади. 30 октябр куни «Brent» маркали нефт бўйича декабр фючерслари 2,4 фоизга қимматлашиб, бир баррели 117,64 долларни ташкил қилди. Савдолар давомида нарх ҳатто 118 долларгача кўтарилди. Бу 2026 йил апрел ойи охиридан бери кузатилган энг юқори кўрсаткич бўлди.

АҚШда савдо қилинадиган «West Texas Intermediate» («WTI») маркали нефт фючерслари эса кун якунида 2,08 фоизга ошиб, 104,12 доллардан сотилди.

Октябр ойи давомида «Brent» нархи 13,6 фоизга, «WTI» эса 15,2 фоизга ўсди. «Reuters» маълумотларига кўра, бу «Brent» учун июл ойидан бери кузатилган энг катта ойлик ўсиш ҳисобланади.

Нефт нархининг бундай ўсишига бир нечта омил бевосита таъсир кўрсатмоқда. Улар орасида АҚШ ва Эрон ўртасидаги можаронинг янада кескинлашиб кетиши эҳтимоли, Ҳўрмуз бўғозида танкерга қилинган ҳужум ва Саудия Арабистонидаги энергетика объектларига нисбатан таҳдидлар саналади.

Ҳўрмуз бўғозидаги ҳужум нефт таъминоти хавфини кучайтирди

Октябр охирида нефт бозоридаги хавотирларни кучайтирган асосий воқеалардан бири — Ҳўрмуз бўғозида танкерга қилинган ҳужум бўлди. «Reuters» бу воқеани АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланган феврал ойидан бери мазкур сув йўлида лимпет миналари ёрдамида амалга оширилган биринчи муваффақиятли ҳужум бўлганини ёзди.

Ҳўрмуз бўғози жаҳон энергетикаси учун ўта стратегик аҳамиятга эгадир. У Эрон ва Уммон ўртасида жойлашган бўлиб, Форс кўрфазини Уммон кўрфази ва Араб денгизи билан боғлайди. АҚШ Энергетика ахборот бошқармаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида ушбу бўғоз орқали кунига ўртача 20,9 миллион баррел нефт ва нефт маҳсулотлари ташилган. Бу жаҳон нефт истеъмолининг қарийб 20 фоизига ва денгиз орқали амалга ошириладиган нефт савдосининг чорак қисмига тенгдир.

Ҳўрмуз орқали ташиладиган нефт оқимларидаги ҳар қандай жиддий узилиш Форс кўрфази давлатларининг экспорт имкониятларига, шунингдек, нефт импорт қилувчи мамлакатларнинг доимий таъминотига кескин таъсир қилиши мумкин. Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларида бўғозни айланиб ўтувчи айрим муқобил қувурлар мавжуд бўлса-да, аммо бошқа йирик экспортчиларнинг имкониятлари чекланган.

Октябр охирида юзага келган воқеалар фақатгина танкерга ҳужум билан чекланиб қолмади. Яманнинг Эрон билан яқин алоқада бўлган ҳусийлар ҳаракати 29 октябр куни Саудия Арабистонидаги бир нечта йирик объектларга, хусусан, Рас-Таннура ва Рабиғ нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда «Saudi Aramco»нинг Абқайқдаги ишлаб чиқариш объектига ҳужум қилганини маълум қилди.

Хавфсизлик ҳолати кескинлашгани сабабли АҚШ ҳам Саудия Арабистонидаги айрим давлат хизматчилари ва уларнинг оилаларига мамлакатни зудлик билан тарк этиш кўрсатмасини берган. АҚШнинг Ар-Риёддаги элчихонаси бу чорани фуқаролик аэропортлари ва муҳим инфратузилма объектларига қарши ҳусийларнинг ҳужумлари билан боғлиқ хавфлар орқали изоҳлаган.

Ушбу воқеалар нефт бозорида етказиб бериш йўлларининг хавфсизлиги бўйича хавотирларни янада оширди. Чунки нефт бозорида нарх фақат қазиб олинаётган хомашё ҳажмига эмас, балки уни истеъмолчига етказиб бериш имконияти ва бу йўналишларнинг барқарорлигига ҳам чамбарчас боғлиқ.

Нефт экспорти тикланаётган эди, аммо таъминот ҳали ҳам беқарор

«Халқаро энергетика агентлиги»нинг («IEA») 14 октябрда эълон қилинган нефт бозори бўйича ҳисоботида Яқин Шарқдаги нефт таъминоти сентябр ойида қисман тиклангани қайд этилган. Форс кўрфази мамлакатларидан хом нефт экспорти бир ой ичида кунига 4,4 миллион баррелга кўпайиб, жами 13,9 миллион баррелга етган. Бу урушдан олдинги даражанинг 75 фоизидан кўпроғини ташкил қилган.

Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган нефт оқими ҳам кунига 3,7 миллион баррелга ўсиб, 10,9 миллион баррелга етган. Бунга Уммон кўрфазида кемадан-кемага нефт ўтказиш операцияларининг сезиларли кўпайиши ва муқобил қувурлар орқали экспорт ҳажмининг тикланиши катта ёрдам берган.

Бироқ «IEA» бу тикланишни барқарор деб ҳисобламаган. Ҳисоботда октябр ойида минтақада ҳусийларнинг ҳужумлари ва энергетика инфратузилмасига бўлган таҳдидлар кескин кучайгани таъкидланган. Агентлик шу сабабли йилнинг қолган қисми учун нефт таъминоти бўйича прогнозларни жуда эҳтиёткорлик билан баҳолаган.

Бозордаги яна бир жиддий муаммо — нефт захираларининг қисқаришидир. «IEA» маълумотларига кўра, 2026 йил сентябр ойи охирига келиб жаҳон нефт захиралари уруш бошланишидан олдинги даражадан нақд 509 миллион баррелга кам бўлган. Қуруқликдаги захиралар эса камида 2016 йилдан бери кузатилган энг паст даражалардан бирига тушиб қолган.

Шу билан бирга, «IEA» 2026 йилда жаҳон нефт талаби кунига 2,6 миллион баррелга камайиб, 102,4 миллион баррелни ташкил этишини прогноз қилган. Агентлик юқори ёқилғи нархлари ва айрим мамлакатлардаги иқтисодий истиқболларнинг ёмонлашиши истеъмолга босим ўтказаётганини таъкидлаган.

Нефт нархи яна кўтариладими?

«IEA» октябр ойидаги ҳисоботида жаҳон нефт бозоридаги вазиятни ўта беқарор деб баҳолаган. Агентликка кўра, Яқин Шарқдаги можаролар ҳал этилмас экан, нефт таъминотидаги узилишлар ва захираларнинг камайиши келгуси ойларда ҳам бозордаги кескинликни сақлаб қолиши мумкин.

«Saxo Bank»нинг маълум қилинишича, Исроилдаги сўнгги сайловлар ҳамда 3 ноябр куни АҚШда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлар туфайли келгуси икки ҳафта ичида нефт нархлари янада беқарорлашиши мумкин.

Дания банкининг таъкидлашича, урушдан олдин хом нефтнинг бир баррели 60–70 доллар атрофида баҳоланган бўлса, можаро тугаганидан кейин ҳам унинг нархи юқорироқ — бир баррели учун 70 доллардан 90 долларгача бўлган оралиқда савдо қилиниши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid

Нефт нархи тўртинчи ой кетма-кет кўтарилмоқда: «Brent» 117 доллардан юқорига чиқди | Vaqt.uz