Logo

Ўрта йўлак катта уруш гирдобига тортилмоқда

Kecha 18:024 daqiqa

15 ноябр куни Қора денгизда, Руминия қирғоқлари яқинида яна учта тижорат кемаси дронлар ҳужумига учради. Украина бу зарбалар Россия томонидан берилганини таъкидламоқда, аммо Москва одатда бу ҳужумларга алоқадорлигини тасдиқламайди.

Ўрта йўлак катта уруш гирдобига тортилмоқда

Сўнгги ойларда Қора денгиздаги савдо кемаларига дрон ҳужумларининг тез-тез содир бўлиши Европа Иттифоқига етиб боришдан олдин Қозоғистон, Озарбойжон, Грузия ва Туркия орқали ўтувчи Ўрта йўлак хавфсизлигига тобора кўпроқ таҳдид солмоқда. Бу йўлак сўнгги йилларда Осиёдан Европага юкларни Россияни четлаб ўтган ҳолда ташиш учун муҳим муқобил йўналишга айланган эди. Дрон ҳужумлари Европа Иттифоқи Болгарияни Осиёдан Ўрта йўлак орқали товарлар олиб кириладиган асосий нуқтага айлантиришга интилаётган бир пайтда содир бўлмоқда. Жорий йилда ЕИ ушбу савдо йўналишига катта умид боғлашини маълум қилди. Бу эса Болгариянинг темирйўллари, автомобил йўллари ва портларига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Қора денгиздаги савдо кемаларига уюштирилаётган кетма-кет ҳужумлар Ўрта йўлакнинг денгиз тармоғига бевосита хавф туғдирмоқда. Осиёдан келаётган юклар Каспий денгизи орқали кема ва паромларда, сўнгра Озарбойжон ва Грузия темирйўллари (шунингдек, автомобил йўллари) орқали ташилади. Грузияга етказилган юкнинг бир қисми Боку–Тбилиси–Карс темирйўли орқали Туркияга, ундан эса Болгарияга йўналтирилади. Бироқ юкнинг бошқа қисми қисқароқ йўналиш — Қора денгиз орқали Руминиянинг Констанца, шунингдек, Болгариянинг Варна ва Бургас портларига ташилиши мумкин.

Болгария (Бургас/Варна) ва Грузия (Батуми/Поти) ўртасидаги паром қатнови мунтазам равишда «Ro-Pax» кемалари орқали амалга оширилиб, ҳафта давомида юк машиналари, тиркамалар ва вагонларни ташишни таъминлайди. Бироқ Бургас порти инфратузилмаси эскирган ва бу юк ташиш ҳажмини оширишга тўсқинлик қилади.

Қуруқлик орқали ташилаётган юклар Туркия ва Болгария ўртасидаги «Капитан Андреево» чегара пунктидан ўтади. Ушбу пункт шундоқ ҳам Европадаги энг тирбанд нуқталардан бири ҳисобланади ва у ерда юк машиналари кўпинча узун навбатларда туриб қолади. Шу сабабли юкларнинг ҳеч бўлмаганда бир қисмини Грузия портларидан тўғридан-тўғри Констанца, Варна ва Бургас портларига денгиз орқали ташиш Ўрта йўлакнинг самарадорлигини оширади.

Ушбу истиқболларни ҳисобга олган ҳолда, Европа Иттифоқи Болгариянинг порт ва темирйўл инфратузилмасини модернизация қилишга сармоя жалб этишни режалаштирмоқда. Сентябр ойида ЕИнинг кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос стратегик жойлашуви туфайли Болгарияни «транспорт имкониятлари нуқтаи назаридан Европага кириш дарвозаси» деб атади.

Маълумки, Россия-Украина уруши бошланганидан сўнг Ўрта йўлакка бўлган қизиқиш кескин ортди ва 2025 йилда бу йўналиш бўйича юк ташиш ҳажми 4,7 миллион тоннага етди. Таққослаш учун, 2021 йилда бу кўрсаткич 1 миллион тоннадан кам эди.

Бироқ йўлакни янада ривожлантириш йўлида бир қатор муаммолар мавжуд. Улардан бири — инфратузилмани модернизация қилиш учун сармоя киритиш зарурати. «Global Gateway» дастури доирасида Брюссел Марказий Осиёдаги инфратузилмани реконструкция қилиш, юк ташиш ҳажмини уч баробарга ошириш ва 2030 йилга бориб ушбу йўлак бўйлаб транзит вақтини кескин қисқартириш (ҳозирги вақтда бу муддат ўртача 15-21 кунни ташкил этади) учун давлат ва хусусий сектордан 12 миллиард евро сармоя жалб қилишни режалаштирмоқда.

Бу маблағ аввалги ваъдаларга ҳам мос келади. 2025 йил апрелида бўлиб ўтган ЕИ–Марказий Осиё саммитидан сўнг Брюссел Марказий Осиё учун 12 миллиард евролик алоҳида «Global Gateway» чора-тадбирлар пакетини эълон қилган эди. Бунинг 3 миллиард евроси 2024 йилда ваъда қилинган 10 миллиард еврога қўшимча равишда Ўрта йўлак учун ажратилган. 23 июн куни Брюссел Қора денгиз ва Жанубий Кавказ учун транспорт инфратузилмасини ривожлантириш платформа ишга туширди.

Яна бир муаммо — Каспий денгизи сатҳининг кескин пасайиб кетиши. Ушбу экологик инқироз Ўрта йўлак орқали юк ташиш ҳажмини ошириш режаларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Денгиз сатҳининг пасайиши кемаларга одатдагидан камроқ юк ортилишига олиб келади. Экологларнинг прогнозларига кўра, агар саёзлашиш жараёни тўхтатилмаса, ўрта муддатли истиқболда Каспий портлари қирғоқдан бир неча километр ичкарида қолиб кетиши мумкин.

Ниҳоят, учинчи муаммо — Қора денгизда дрон ҳужумларининг кучайиши ва бу билан боғлиқ хавфсизлик хатарларидир. 2022 йилдан буён Ўрта йўлак бўйлаб юк оқимининг ўсиши уни ҳимоя қилиш механизмларининг шаклланишидан кўра тезроқ юз берди. Бугунги кунда экспертлар ва Европа сиёсатчилари якдил фикрича, Европа Иттифоқи, НАТО ва йўналишдаги иштирокчи давлатлар ўртасида ягона ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, денгизни патрул қилиш ва хавфсизликни мувофиқлаштириш йўлга қўйилмас экан, йўлакни янада кенгайтириш қийин бўлади.

Бу масалаларнинг барчаси Болгарияда бўлиб ўтадиган Ўрта йўлак бўйича биринчи саммитда муҳокама қилиниши режалаштирилган. Форум санаси ҳали аниқ эмас, аммо у келгуси йилнинг биринчи чорагида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ўтган ҳафта Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйеннинг Болгария ва Руминияга ташрифи чоғида ҳам асосий мавзу Қора денгиз ва Ўрта йўлакдаги хавфсизлик масаласи бўлди. Ташриф арафасида Болгария Бош вазири Румен Радев фон дер Ляйен ва НАТО Бош котиби Марк Рюттега Қора денгиздаги савдо кемаларига ҳужумларнинг олдини олишда ёрдам сўраб шахсан мурожаат қилган эди.

Ушбу ташрифлар якунида Европа комиссияси раиси Брюссел савдо кемаларига ҳужумларнинг олдини олиш учун 70 миллион евро ажратаётганини эълон қилди. Бу маблағнинг 50 миллиони Қора денгизда денгиз хавфсизлиги маркази қурилишини тезлаштиришга йўналтирилади.

Варнада у Варна ва Констанцадаги (Руминия) объектлардан фойдаланадиган ушбу денгиз хавфсизлиги маркази қурилишини якунлашнинг аниқ муддатларини белгилашга чақирди. Шунингдек, Қора денгиздаги тижорат кемалари иштирокида ўлим билан тугаган ҳодисалардан сўнг, фавқулодда вазиятларга чора кўриш салоҳиятини кучайтириш учун Руминия ва Болгариянинг ҳар бирига қўшимча равишда 10 миллион евродан берилади.

Болгариянинг «Novinite» нашри ёзишича, Ўрта йўлакнинг Қора денгиз тармоғини ривожлантириш учун хавфсизлик билан боғлиқ хавф-хатарларни камайтириш ўта муҳим аҳамиятга эга. Бу хатарлар суғурта бадалларини кескин ошириб, юк ташишнинг рентабеллигини пасайтиради.

Teglar

Mavzuga oid