Logo

Ўзбек ёзувчиси 2026 йилги Нобел учун эҳтимолий номзодлар рўйхатига киритилди

Bugun 20:492 daqiqa

Адабиёт бўйича Нобел мукофоти соҳиби 8 октябр куни эълон қилинади.

Ўзбек ёзувчиси 2026 йилги Нобел учун эҳтимолий номзодлар рўйхатига киритилди © rte.ie

Literary Hub нашри 2026 йилги Адабиёт бўйича Нобель мукофоти учун Британиянинг Ladbrokes компанияси тақдим этган коэффициентлар рўйхатини эълон қилди. Унда Ҳамид Исмоилов ҳам бор. Ёзувчи учун 33/1 коэффициент кўрсатилган. Нашр бу рўйхатни Нобель мукофотининг расмий номзодлар рўйхати сифатида тақдим этмаган.

Literary Hub ёзишича, 2026 йилги мукофот соҳиби ким бўлишини Швеция академиясидан ташқари ҳеч ким аниқ била олмайди. Нашр шунингдек, коэффициентлар мукофот эҳтимоли ҳақидаги букмекерлик баҳоларини акс эттиришини қайд этган.

Ladbrokes рўйхатида Ҳамид Исмоиловдан ташқари Кан Сюэ, Харуки Мураками, Жералд Мёрнейн, Томас Пинчон, Кристина Ривера Гарса, Маргарет Этвуд, Мишель Уэльбек ва Салмон Рушди каби ёзувчилар ҳам келтирилган.

Ҳамид Исмоилов рўйхатда 33/1 коэффициентга эга бўлган ижодкорлар қаторида қайд этилган. Шу коэффициент билан ундан ташқари бир қатор ёзувчилар, жумладан Андрей Курков, Энн Карсон, Дэвид Гроссман, Жойс Кэрол Оутс ва Рейчел Каск ҳам келтирилган.

2026 йилги Адабиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиби 8 октябрь куни эълон қилиниши белгиланган. Ғолибга 12 миллион швед кронаси миқдорида мукофот пули берилади.

Нобел мукофотининг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, адабиёт бўйича номзодлар ва уларни кўрсатган шахслар ҳақидаги маълумотлар 50 йил давомида махфий сақланади. Нобель мукофотининг расмий базасида ҳам янги номзодлар ҳақидаги маълумотлар шу муддат ўтгачгина очиқланиши қайд этилган. Шу боис ҳозирги пайтда Ҳамид Исмоиловнинг 2026-йилги мукофот учун расман кўрсатилганини тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Ҳамид Исмоилов ким?

Ҳамид Исмоилов — ўзбек ва рус тилларида ижод қилувчи ёзувчи, шоир ва журналист. У 1954 йилда Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган. Исмоилов узоқ йиллар давомида журналистика соҳасида ҳам фаолият юритган.

Унинг асарлари бир қатор тилларга таржима қилинган. Ёзувчининг «Жинлар базми» романи инглиз тилида Devils’ Dance номи билан нашр этилган ва 2019 йилда EBRD Literature Prize мукофотига сазовор бўлган.

Исмоиловнинг «The Devil’s Dance», «The Railway», «The Dead Lake» каби асарлари халқаро адабий майдонда ҳам танилган.

2026 йилда унинг «We Computers» асари EBRD Literature Prize’нинг қисқа рўйхатига киритилган.

Ҳамид Исмоилов Би-Би-Си’нинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё бўйича хизматларида ҳам ишлаган. Унинг ижодида Марказий Осиё тарихи, хотира, тил ва шахс тақдири каби мавзулар муҳим ўрин тутади.

1992 йилда Исмоилов Ўзбекистондан чиқиб кетган, шундан бери у Лондонда яшаб келади. 2006-йилда унинг «Темир йўл» романи таниқли ёзувчи Роберт Чандлер томонидан инглиз тилига таржима қилиниб, Лондонда нашр этилди. Ҳамид Исмоилов шеърлари Ингеборга Балдауф ва Зигрид Клейнмихел томонидан немис тилига таржима қилинган.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбек ёзувчиси 2026 йилги Нобел учун эҳтимолий номзодлар рўйхатига киритилди | Vaqt.uz