Logo

Ўзбекистон АҚШнинг 201 млн долларлик янги инвестиция фонди мандатига киритилди

АҚШ ҳукумати маблағлари асосида ташкил этилган янги фонд Марказий Осиё ва Кавказнинг саккизта давлатида транспорт, энергетика ва хусусий сектор лойиҳаларига сармоя киритади.

Ўзбекистон АҚШнинг 201 млн долларлик янги инвестиция фонди мандатига киритилди © istock

АҚШ ҳукумати маблағлари ҳисобидан ташкил этилган Trans-Caspian Enterprise Fund (TCEF) инвестиция мандатига Ўзбекистон ҳам киритилди.

Жамғарма 2026-йил сентябрда иш бошлаган бўлиб, инвестиция қарорларини мустақил равишда, ўз директорлар кенгаши орқали қабул қилади. Фонднинг дастлабки капитали 201 млн долларни ташкил этади.

TCEF мандатига Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Арманистон, Озарбайжон ва Грузия киритилган.

Қайси соҳаларга сармоя киритилади?

TCEF инвестиция стратегиясида еттита асосий йўналиш белгиланган. Улар қаторига темир йўл ва автомобиль инфратузилмаси, энергетика, логистика, савдони соддалаштириш, муҳим минераллар, молиявий хизматлар ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш киради.

Жамғарма Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни Ғарб бозорлари билан боғловчи Транскаспий савдо йўли ёки «Ўрта йўлак» бўйлаб амалга ошириладиган лойиҳаларга эътибор қаратади.

Ҳозирча TCEF Ўзбекистонда молиялаштириши мумкин бўлган аниқ лойиҳалар рўйхатини эълон қилмаган. Фонд инвестиция портфели шаклланиши билан алоҳида лойиҳалар ҳақида маълумот беришини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Осиё тараққиёт банки Марказий ва Ғарбий Осиёдаги еттита давлатнинг рақамли трансформациясини қўллаб-қувватлаш учун 1 млн доллар грант ажратишни тасдиқлагани ҳақида хабар берилганди. Мазкур дастурдан Ўзбекистон ҳам ўрин олган.

Teglar

Mavzuga oid