Ўзбекистон давлат қарзи уч ойда 1,33 млрд долларга ошди
Мамлакатнинг давлат қарзи 48,31 млрд доллардан ошди. Қарзнинг асосий қисми 40,71 млрд доллари ёки 84 фоизи ташқи қарз ҳиссасига тўғри келмоқда
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистоннинг давлат қарзи 2026-йилнинг иккинчи чораги якунида 48,315 млрд долларга етди. Бу биринчи чорак охиридаги 46,985 млрд долларга нисбатан 1,33 млрд доллар ёки қарийб 2,8 фоизга кўп.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, давлат қарзининг 40,711 млрд доллари ташқи қарз ҳисобига тўғри келади. Бу жами давлат қарзининг қарийб 84 фоизини ташкил этади.
Биринчи чоракда ташқи қарз 39,776 млрд доллар бўлган. Демак, ташқи мажбуриятлар бир чоракда 935 млн долларга кўпайган. Давлат қарзининг дастлабки прогноз қилинган ялпи ички маҳсулотга нисбати эса 26,3 фоиздан 27 фоизгача ошган.
Қарз таркиби ўзгармоқда
Ташқи қарзнинг 21,716 млрд доллари қатъий белгиланган фоиз ставкасида жалб қилинган. Яна 18,728 млрд доллар ўзгарувчан фоиз ставкасига эга, 266 млн доллар эса фоизсиз қарз ҳисобланади.
Валюта таркибида ташқи қарзнинг 38,639 млрд доллари чет эл валютасида, 2,072 млрд доллари миллий валютада деноминация қилинган.
Давлат ички қарзи ҳам ўсган. У биринчи чоракдаги 7,209 млрд доллардан иккинчи чорак якунида 7,604 млрд долларга етган. Ички қарзнинг жами давлат қарзидаги улуши 15 фоиздан 16 фоизга кўтарилган.
Ички қарзнинг 5,846 млрд доллари қатъий фоиз ставкасида жалб қилинган. Фоизсиз ички қарз ҳажми эса 1,718 млрд долларни ташкил этган.
Асосий қарз узоқ муддатли
Муддатлар кесимида давлат қарзининг катта қисми узоқ муддатли мажбуриятлардан иборат. Ташқи қарзнинг 39,292 млрд доллари бир йилдан ортиқ муддатда сўндириладиган қарзларга тўғри келади. Ички қарз бўйича бу кўрсаткич 5,435 млрд долларни ташкил этган.
Ҳисоб-китобларда 2026 йил учун дастлабки прогноз қилинган ЯИМ кўрсаткичидан фойдаланилган. Давлат қарзининг ЯИМга нисбати эса 27 фоизга етган.
Эслатиб ўтамиз, биринчи чоракда давлат қарзининг мамлакат иқтисодиёти — ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан улуши 31,9 фоиздан 26,6 фоизгача қисқарган эди.





