Ўзбекистон майда олтин сотмади
Сўнгги 8 ой давомида мамлакат фақат апрель ойида олтин сотувини амалга оширди. Бу пайтда экспорт 15,5 фоизга камайиб кетди.
© BloombergМай ойида Ўзбекистон яна олтин экспорт қилмади. Умумий экспорт ҳажми 15,5 фоизга камайиб кетди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитасининг ташқи савдо бўйича ҳисоботидан маълум бўлди.
5 ой давомида ташқи савдо айланмаси 32,8 млрд долларга етди ва 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 млрд долларга ёки 3,7 фоизга кўпайди.
Ташқи савдода экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 15,5 фоизга камайиб, 12,6 млрд долларни ташкил қилди. Импорт эса 20,8 фоизга ўсиб, 20,1 млрд долларга етди.
Бунда Ўзбекистон ташқи савдосида салбий салдо 7,5 млрд долларгача кўпайди. Таққослаш учун 2025 йил мос даврида бу кўрсаткич 1,7 млрд долларни, 2024 йилда 4,6 млрд долларни ташкил қилганди.
Экспорт камайиши ва салбий салдо кўрсаткичи ошишига олтин экспорти деярли тўхтатилгани сабаб бўляпти. Охирги 8 ой давомида Ўзбекистон фақатгина 2026 йилнинг апрель ойида олтин экспортини амалга оширди — 1,5 млрд доллар.
Нега олтин экспорт қилинмаяпти?
Ўзбекистон аввалги йилларда олтиннинг фаол экспортёри эди. Бироқ, геосиёсий нотинчликлар ва иқтисодий вазият фонида олтин нархлари сезиларли ўзгаришни бошлади.
2025 йил давомида олтин бир неча бор тарихий рекордларни янгилади. Жаҳон бўйича нархлар 70 фоиздан кўпроқ ошган бўлса, олтин қуймалари ҳам ўсишда давом этди ва жозибадор сармоя воситасига айланди.
Январ ойига келиб, олтиннинг унциядаги глобал нархи 5 500 доллардан юқорига кўтарилиб тарихий рекордни янгилади. Бироқ, кейинчалик нархлар сезиларли пасайишни бошлаб, ҳозирда 4 000 доллардан паст бўлиб турибди.
Олтин нархлари июн ойида майдагидан ҳам анча пастроқ шаклланди. Катта эҳтимол билан ҳукумат июн ойида ҳам бундай шартларда олтин сотувини амалга оширмаган бўлиши мумкин.





