Ўзбекистон Саудия Арабистони билан энергетика ва тоғ-кон саноатида янги лойиҳаларни амалга оширади
Шавкат Мирзиёев Анталияда Саудия Арабистони вазири Абдулазиз бин Салмон билан учрашди.
© Foto: president.uzАнталия шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясининг 31-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлигининг энергетика вазири ҳамда саноат ва минерал ресурслар вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида вазир Ўзбекистон етакчисига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони кўп қиррали ҳамкорлиги ҳамда кенг кўламли шериклигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида сўнгги йилларда алоқалар жадал ривожланиб, йирик лойиҳалар портфели шакллангани, шундан асосий қисми «яшил» энергетика тармоғига тўғри келаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Учрашувда нефть-газ, нефть-кимё, тоғ-кон саноати ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, аниқ амалий таклифларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.





