Ўзбекистон ва Испания янги дипломатик келишувларга эришди

Тошкент ва Мадрид ўртасида ўтган музокаралар якунида дипломатик алоқаларни кенгайтиришга қаратилган бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон ва Испания янги дипломатик келишувларга эришди © Foto: t.me/bakhtiyor_saidov

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Испания Ташқи ишлар, Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамкорлик вазири Хосе Мануэл Албарес билан учрашди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Қайд этилишича, мулоқот давомида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ҳамда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Имзоланган келишувлар

Маълум бўлишича, музокаралар якунида Ташқи сиёсий идоралар ўртасида 2026–2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режаси, дипломатик паспорт эгалари учун визани бекор қилиш тўғрисидаги битим ҳамда дипломатик кадрлар тайёрлаш бўйича англашув меморандуми имзоланган.

«Бугунги учрашув Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги кўп қиррали алоқаларимизни янада мустаҳкамлашига ишонамиз ва ўзаро манфаатли шерикликни изчил ривожлантириш йўлида ҳамкорлигимизни давом эттирамиз», — деб ёзди вазир.

Teglar

Mavzuga oid