Logo

Ўзбекистон Хитойдан 24 та қирувчи самолёт сотиб олиши мумкин

2025-йил май ойида Покистон Ҳиндистон билан можаро чоғида J-10 қирувчиларидан фойдалангани ҳақидаги хабарлар ушбу моделга бўлган қизиқишни кучайтирган.

Ўзбекистон Хитойдан 24 та қирувчи самолёт сотиб олиши мумкин

Ўзбекистон Хитойда ишлаб чиқарилган 24 та J-10CE қирувчи самолётини харид қилишни режалаштирмоқда.

«Defence Security Asia» нашрининг хабар беришича, ушбу келишув амалга ошса, Тошкент ҳарбий авиация соҳасида Россия техникасига қарамликни сезиларли даражада камайтиради.

Нашр маълумотларига кўра, 21–22-июл кунлари Ўзбекистон Ҳаво мудофаа кучлари Хитойнинг тўртта J-10CE қирувчисини қабул қилган. Бироқ ҳозирча Тошкент ҳам, Пекин ҳам мазкур етказиб бериш бўйича расмий баёнот бермаган.

Нашр манбаларининг таъкидлашича, шартнома 24 та самолётни босқичма-босқич етказиб бериш, шунингдек, ўзбекистонлик учувчиларни тайёрлашни ҳам ўз ичига олади.

Нашрга кўра, 2025-йилда ҳам Ўзбекистонга иккита J-10CE қирувчиси етказилган.

Нега J-10CE танланмоқда?

«Defence Security Asia» қайд этишича, J-10CE халқаро бозорда нисбатан арзон ва замонавий кўп вазифали қирувчи сифатида эътироф этилмоқда.

Бир дона самолётнинг қиймати тахминан 40–50 миллион долларга баҳоланади. Бу кўрсаткич Ғарбнинг 4+ авлод қирувчилари нархидан анча паст.

Нашрнинг ёзишича, 2025-йил май ойида Покистон Ҳиндистон билан можаро чоғида J-10 қирувчиларидан фойдалангани ҳақидаги хабарлар ҳам ушбу моделга бўлган қизиқишни кучайтирган.

Геосиёсий сигнал

«Defence Security Asia» таҳлилига кўра, эҳтимолий келишув нафақат Ўзбекистон ҳарбий салоҳиятини оширади, балки Марказий Осиёда Хитойнинг ҳарбий-саноат таъсирини ҳам кучайтиради.

Нашр муаллифлари фикрича, бу Россиянинг минтақавий қурол бозоридаги анъанавий мавқеига таъсир қилиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid