Logo

Ўзбекистонда электр истеъмоли саккизинчи кун тарихий рекорд ўрнатди

Bugun 16:492 daqiqa

Аномал иссиқ туфайли Ўзбекистонда электр энергиясига талаб тарихда илк бор 300 млн kWh'дан ошди.

Ўзбекистонда электр истеъмоли саккизинчи кун тарихий рекорд ўрнатди © Pxhere

Ўзбекистонда аномал иссиқ об-ҳаво шароити электр энергияси истеъмоли бўйича янги тарихий рекордни қайд этди. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 20-июл куни ягона энергетика тизимида суткалик электр истеъмоли илк бор 300 млн kWh'лик чегарадан ошиб, 301,9 млн kWh'ни ташкил қилди.

Шу куни мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳам рекорд даражага чиқди. Бир сутка давомида 305,4 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарилди. Вазирлик бу кўрсаткичлар юқори ҳарорат шароитида кондиционерлар ва бошқа совитиш ускуналарига талаб ошгани билан изоҳланишини билдирди.

20-июл куни соат 17:22 да ягона энергетика тизимидаги максимал юклама ҳам янги чўққига чиқиб, 14,2 GW'ни ташкил этди.

Янги рекордлар

Янги суткалик истеъмол кўрсаткичи ўтган йил ёзги мавсумида қайд этилган энг юқори натижадан 29,3 млнkWh'га ёки 10,75 фоизга юқори бўлди.

Шунингдек, 18-июл куни қайд этилган 294,4 млн kWh'лик аввалги рекорд ҳам икки кун ичида янгиланди. Янги натижа ундан 7,5 млн kWh'га ёки 2,55 фоизга кўп бўлди.

Электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича ҳам аввалги рекорд ортда қолдирилди. 20-июл кунидаги 305,4 млн kWh'лик ҳажм 18-июлдаги 297,1 млн kWh'лик натижадан 8,3 млн kWh'га ёки 2,79 фоизга юқори бўлди.

Узилишлар кузатилди

Энергетика вазирлиги маълум қилишича, юқори юкламага қарамай, ягона энергетика тизими истеъмолчиларни узлуксиз электр билан таъминлаш учун барқарор ишлаган. Бироқ айрим ҳудудларда тармоқларда носозликлар юзага келган.

Хусусан, Тошкент шаҳрининг Олмазор, Яккасарой, Чилонзор ва Яшнобод туманларида минглаб истеъмолчилар қисқа муддат электр таъминотисиз қолди. Барча ҳолатларда авария-таъмирлаш бригадалари носозликларни тезкор бартараф этиб, электр таъминотини қайта тиклади.

21-июл тонгида Сергели ва Олмазор туманларида ҳам 600 нафар истеъмолчи вақтинча электрсиз қолган бўлса-да, таъмирлаш ишлари якунлангач, электр таъминоти тўлиқ тикланган.

Эслатиб ўтамиз, 13-июл куни Ўзбекистонда бир суткалик электр энергияси истеъмоли илк марта 278,6 млн kWh'га етиб, ёзги мавсум учун янги рекорд ўрнатган эди.

Teglar

Mavzuga oid