Logo

Ўзбекистонда исломий банклар қачон иш бошлайди? | Muomalat time

Bugun 17:413 daqiqa

Ўзбекистонда 17 та тижорат банки исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олишга ариза топширган. Мутахассисга кўра, тизимни тўлақонли ишга тушириш учун фақат битта банкнинг лицензия олиши етарли эмас.

Ўзбекистонда исломий банклар қачон иш бошлайди? | Muomalat time © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда ислом молияси бозорини шакллантириш бўйича ишлар жадаллашмоқда. «Al-Muomalat Consulting» ташкилоти эдвайзер раҳбари Ҳаётжон Азимовнинг айтишича, айни пайтда 17 та тижорат банки, жумладан давлат банклари ҳам исломий банк фаолиятини амалга оширишга рухсат берувчи лицензия учун ариза топширган.

Мутахассис буни бозорда исломий молиявий хизматларга талаб юқорилигини кўрсатувчи муҳим индикатор сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, банкнинг лицензия олиш учун ариза топширишидан олдин бир қатор тайёргарлик жараёнлари амалга оширилади.

Битта исломий банк етарлими?

Ўзбекистонда 2030 йилгача мўлжалланган стратегияда камида битта банкка исломий банк фаолияти учун лицензия бериш кўзда тутилган.

Бироқ Ҳаётжон Азимовнинг фикрича, исломий молия тизимини фақат битта банк билан шакллантириш қийин. Чунки бу йўналиш алоҳида банкдан кўра кенгроқ молиявий экотизимни талаб қилади.

Мутахассисга кўра, бир нечта банк ва молиявий институтларнинг иштирок этиши ликвидликни бошқариш, бозор ва монетар операцияларни ташкил этиш нуқтаи назаридан муҳим. Шу сабабли кейинги босқичларда бошқа банкларга ҳам лицензия берилиши тизимнинг самарали ишлаши учун зарур бўлиши мумкин.

Исломий банк Ўзбекистонга қандай кириб келади?

Исломий банк деганда фақат хорижий давлатдан келадиган янги банкни тушуниш керак эмас.
Мавжуд тижорат банклари ҳам ўз таркибида исломий банк «дарчаси» очиши, алоҳида тузилма ташкил қилиши ёки келгусида исломий банк фаолиятини йўлга қўйиши мумкин.

Бундан ташқари, хорижий инвесторларнинг, хусусан Малайзия ҳамда Форс кўрфази мамлакатларидаги йирик банкларнинг Ўзбекистон бозорига кириш бўйича қизиқиши ҳам мавжуд.

Улар янги банк ташкил этиш, филиал очиш ёки мавжуд банкларни хусусийлаштириш жараёнлари орқали бозорга кириш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Исломий ва анъанавий маблағлар аралашиб кетмайдими?

Исломий банк хизматларига қизиқayotgan фуқаролар учун энг муҳим саволлардан бири — исломий молия маблағлари анъанавий банк операцияларидан қандай ажратилиши.
Ҳаётжон Азимовнинг сўзларига кўра, маблағ ва ҳисобларни ажратиш талаби тегишли қонунчилик ҳамда Марказий банк низомларида белгиланган.

Бу фақат алоҳида филиал ёки «исломий дарча» даражасида эмас, балки банкнинг ички ҳисоб-китоблари, тўлов тизимлари ва бошқа операцион жараёнларигача қамраб олиниши керак.

Унинг таъкидлашича, ҳисобларни тўлиқ ажратиш исломий молия тамойилларига мувофиқликни таъминлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун муҳим. Айни пайтда бу борада Марказий банк даражасида техник ишлар ва учрашувлар олиб борилмоқда.

Сохта «исломий банклар»дан қандай ҳимояланиш мумкин?

Исломий молияга бўлган талабнинг ошиши билан бирга, ундан фойдаланиб фуқароларнинг маблағларини ноқонуний жалб қилиш хавфи ҳам мавжуд.

Суҳбатда яқинда ижтимоий тармоқларда ўзини исломий банк сифатида кўрсатган «Business Life» номли тузилма билан боғлиқ ҳолат ҳам тилга олинди.

Мутахассис фуқароларга бундай ташкилотларга маблағ топширишдан олдин унинг ҳуқуқий мақомини текширишни тавсия қилди. Унинг таъкидлашича, лицензияга эга банк ёки янги банк фаолияти ҳақидаги тегишли маълумотлар Марказий банк томонидан ҳам эълон қилинади.

Шу сабабли фуқаролар ижтимоий тармоқлардаги реклама ёки ваъдаларга эмас, аввало Марказий банкнинг расмий маълумотларига таяниши керак.

Исломий омонатлар ҳам кафолатланадими?

Суҳбатда исломий молия тизимининг яна бир муҳим жиҳати — омонатларни кафолатлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ҳаётжон Азимовнинг маълум қилишича, исломий банкларда жалб қилинадиган омонатларни кафолатлаш механизмини яратиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Бунинг учун исломий омонатларни кафолатлаш жамғармасини ташкил этиш жараёни кўриб чиқилмоқда. Бу эса исломий молия тизимида ҳисобларни ажратиш фақат банкларнинг ўзида эмас, балки молиявий тизимнинг бошқа бўғинларида ҳам таъминланиши кераклигини англатади.

Тизим қачон тўлиқ ишлайди?


Ҳозирча суҳбатда Ўзбекистонда исломий банкнинг аниқ қайси санадан бошлаб фаолият бошлаши ҳақида маълумот берилмаган. Бироқ мутахассиснинг таъкидлашича, ҳуқуқий база яратилган, тижорат банклари лицензия олиш учун ариза бермоқда, ҳисобларни ажратиш, IT тизимларини мослаштириш ва омонатларни кафолатлаш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ишлар давом этмоқда.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда исломий банк тизимини яратиш жараёни алоҳида банк очиш билан чекланмай, бутун молиявий экотизимни шакллантиришни назарда тутмоқда.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда исломий банклар қачон иш бошлайди? | Muomalat time | Vaqt.uz