Logo

Ўзбекистонда жиноятчиликни сунъий интеллект орқали прогноз қилувчи тизим жорий этилади

Kecha 20:303 daqiqa

Ўзбекистонда криминоген вазиятни таҳлил қилиш ва жиноятларни барвақт аниқлаш мақсадида «Ягона криминоген маълумотлар платформаси» ишга туширилади. Тизим сунъий интеллект ва хавф таҳлилига асосланади.

Ўзбекистонда жиноятчиликни сунъий интеллект орқали прогноз қилувчи тизим жорий этилади © SI asosida yaratilgan

Ўзбекистонда жиноятчилик динамикасини сунъий интеллект ёрдамида олдиндан прогнозлаш ва хавф омилларини эрта бартараф этишга қаратилган «Ягона криминоген маълумотлар платформаси» ишга туширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 ноябрдаги «Республикада криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш соҳасида самарали рақамли назорат, таҳлил ва прогнозлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-241-сонли фармонида белгиланган.

Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқиладиган мазкур платформа орқали ҳудудлар, маҳаллалар ва жиноят турлари кесимида жиноятчилик динамикаси ярим йиллик ва йиллик прогноз қилинади. Прогноз натижалари асосида криминоген вазияти оғир ҳудудларга хабарномалар юборилади ва масъул идораларнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги самарадорлиги KPI асосида баҳолаб, рейтинги юритиб борилади. Тизимга вазирлик ва идораларнинг тегишли маълумотлари, жумладан, ишсизлик, камбағаллик, миграция, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда инфратузилма каби хавф индикаторлари автоматлашган тарзда интеграция қилинади.

Маҳаллий ҳокимиятларга шошилинч чоралар кўриш вазифаси юклатилади

Жиноятчилик динамикасини прогноз қилиш натижасида Бош прокуратура томонидан юборилган хабарномалар бўйича туман ва шаҳар ҳокимлари раҳбарлигида 3 сутка ичида идоралараро тезкор штаб ташкил этилади. Бир ой ичида жиноятчиликнинг объектив ва субъектив сабаблари аниқланиб, йиллик манзилли чора-тадбирлар режаси тасдиқланади. Йиллик кўрсаткичлар асосида режа ижросини таъминламаган масъул мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кўриб чиқилади.

Фармонда қайд этилишича, «прогноз ва сунъий интеллект ёрдамидаги таҳлил натижалари шахсга нисбатан ҳуқуқий оқибат келтирувчи қарор қабул қилиш учун мустақил асос бўла олмайди». Платформадан фойдаланишда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш кафолатларига ва маълумотларни эгасизлантириш талабларига қатъий риоя этилади. Зарур маълумотларни тақдим этмаслик, кечиктириш ёки нотўғри маълумот киритиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаради.

Аҳоли ўртасида сўровлар ва назоратнинг янги тузилмаси

Ҳар йили аҳоли ўртасида миллий виктимологик сўров, аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончи бўйича ижтимоий сўровлар ўтказиб борилади. Шунингдек, 2028 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентига республика ва ҳудудлар кесимида криминоген вазият динамикаси, барқарорлик индекси ва виктимологик сўровлар натижаларини ўз ичига олувчи таҳлилий ахборотнома киритиб борилиши йўлга қўйилади.

Янги платформа 2027 йил якунига қадар Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида синов тариқасида ишга туширилади ва 2028 йилдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларига босқичма-босқич жорий этилади. Бундан ташқари, Бош прокуратура тизимида Криминоген вазиятни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш устидан назорат бошқармаси ва унинг таркибида Рақамли таҳлил ва прогнозлаш бўлими ташкил этилиб, уларга жиноят сабаблари мониторингини юритиш ва профилактика субъектлари фаолиятини назорат қилиш вазифаси юклатилади. Ички ишлар вазирлигининг Тезкор вазиятни таҳлил қилиш бошқармасига эса тезкор вазият кескинлашиши мумкин бўлган ҳудудлар бўйича эрта огоҳлантирувчи хабарларни шакллантириш мажбурияти қўшилади.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда жиноятчиликни сунъий интеллект орқали прогноз қилувчи тизим жорий этилади | Vaqt.uz