Ўзбекистонда корхоналар 178,7 млрд сўмлик солиқ имтиёзидан фойдаланди

23.10.2025 | 18:401 daqiqa

Сентябр ойида мамлакат бўйлаб қарийб мингта корхонага ижтимоий солиқ бўйича енгиллик берилди. Ушбу имтиёзлар тўқимачилик ва трикотаж соҳалари учун жорий этилган уч йиллик 1 фоизлик ставкага асосланади.

Ўзбекистонда корхоналар 178,7 млрд сўмлик солиқ имтиёзидан фойдаланди

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йил сентябр ойида 936 та корхона ижтимоий солиқ бўйича белгиланган имтиёзлардан фойдаланган. Умумий ҳисобда улар 178,7 миллиард сўм миқдорида солиқ тўловидан озод этилган.

Ушбу тартиб жорий йил 1 сентябрдан амалга киритилган бўлиб, унга мувофиқ кластерлар, тўқимачилик ҳамда тикиш-трикотаж саноати корхоналари учун ижтимоий солиқ ставкалари уч йил муддатга 1 фоиз этиб белгиланган. Бундай енгилликлар ишлаб чиқарувчиларнинг харажатларини қисқартириш ва соҳада янги иш ўринлари яратишни рағбатлантиришга қаратилган.

Солиқ қўмитаси маълум қилишича, имтиёзлар солиқ ҳисоботини шакллантириш жараёнида корхона ҳисобчиси томонидан тўғридан-тўғри қўлланади. Бу эса бюрократик жараёнларни камайтириб, имтиёздан фойдаланишни соддалаштиради.

Аввалроқ, 2025 йилнинг дастлабки етти ойи давомида талабалар билан ижара шартномаси тузган шахсларга ҳам жами 40,7 миллиард сўмлик солиқ имтиёзи берилгани маълум қилинган эди. Шунингдек, сентябр ойида 28 мингдан ортиқ фуқарога фарзанд туғилганда бериладиган 25,6 миллиард сўмлик «суюнчи» пули тўланган.

Мутасаддиларнинг фикрича, бу каби имтиёзлар бизнес муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётда шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Teglar

Mavzuga oid