Ўзбекистонда отанинг исмини болага фамилия қилиб бериш мумкин бўлади
Амалдаги нормага кўра, боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Ота ёки она томонидан миллий анъаналарга кўра бобонинг исми ҳам фамилия қилиб берилиши мумкин.

Сенатнинг 8-август куни бўлиб ўтган 18-ялпи мажлисида отанинг исмини болага фамилия қилиб беришга рухсат этувчи қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Амалда боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Ота ёки она томонидан миллий анъаналарга кўра бобонинг исми ҳам фамилия қилиб берилиши мумкин. Ота-она ўртасида боланинг исми ёки фамилияси бўйича келишув бўлмаганда, келиб чиққан низо васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ҳал этилади.
Шунингдек, қонун билан Оила кодексининг 69-моддасига отанинг исмини болага фамилия сифатида бериш бўйича ўзгартириш киритилмоқда.
Сенаторлар отанинг исмини болага фамилия сифатида берилишининг қонунчиликда белгиланиши фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиб, миллий ва диний анъаналарга мувофиқ уларнинг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилишини таъкидлади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, имзолаш учун президентга юборилди.





