Ўзбекистонда пенсия сўнгги 10 йилда қанчага ошди?
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик пенсия сўнгги 10 йилда 494,2 минг сўмдан 1 млн 649,2 минг сўмгача ошган.
© uznewsЎзбекистонда ўртача ойлик пенсия сўнгги ўн йилда уч баравардан кўпроқ ўсди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда ўртача ойлик пенсия миқдори сўнгги 10 йилда 494,2 минг сўмдан 1 млн 649,2 минг сўмгача ошган. Бу 3,3 бараварлик ўсишни англатади.
Маълумотларга кўра, 2016-йилда ўртача ойлик пенсия 494,2 минг сўм бўлган.
Йиллар кесимида ўртача ойлик пенсия миқдори қуйидагича бўлган:
2016-йил — 494,2 минг сўм;
2017-йил — 556,8 минг сўм;
2018-йил — 640,5 минг сўм;
2019-йил — 733,2 минг сўм;
2020-йил — 848,5 минг сўм;
2021-йил — 963,6 минг сўм;
2022-йил — 1 080,8 минг сўм;
2023-йил — 1 234,5 минг сўм;
2024-йил — 1 495,6 минг сўм;
2025-йил — 1 649,2 минг сўм.
Маълумот учун, республикада энг кўп пенсионер Фарғона вилоятида яшайди. Фарғона, Самарқанд, Андижон ва Қашқадарё вилоятлари эса мамлакатдаги жами пенсионерларнинг 41 фоизини қамраб олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Озарбойжон пенсия тайинлашда иш стажини ўзаро ҳисобга олиши ҳақида маълумот берган эдик.





