Logo

Ўзбекистонда салкам 80 минг фуқаро ишсизлик нафақасини олади

Bugun 13:552 daqiqa

Ишсиз деб эътироф этилган фуқароларга уч ойгача нафақа тўланади. Ҳукумат бу муддатни тўрт ойгача узайтиришни таклиф қилмоқда.

Ўзбекистонда салкам 80 минг фуқаро ишсизлик нафақасини олади

Ўзбекистонда ҳозирда салкам 80 минг фуқаро ишсизлик нафақаси олмоқда. Уларнинг бир қисми касб-ҳунарга йўналтирилган бўлиб, ўқиш даврида харажатлари қоплаб берилади ва стипендия ажратилади. Бу ҳақда Бандлик вазирлиги департаменти бошлиғи Собир Хайтмуродов 28-октябрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжумани якунида журналистларга маълум қилди.

Вазирлик вакилининг тушунтиришича, ишсизлик нафақасини олиш учун фуқаро охирги беш йил давомида камида 1 йил 8 ой ижтимоий солиқ тўлаган бўлиши керак.

Бунинг учун меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқаро яшаш жойидаги туман ёки шаҳар бандлик органига мурожаат қилиши мумкин. Агар унинг малакасига мос иш топилмаса, махсус комиссия томонидан ишсиз деб эътироф этилади ва унга нафақа тайинланади.

«Фуқаро касб-ҳунар ўрганиб, кейин ишга жойлашмоқчи бўлса ҳам ишсизлик нафақаси олиши мумкин. Ҳозирги кунда салкам 80 мингга яқин фуқаро ишсизлик нафақаси олмоқда ва улар касб-ҳунарга йўналтирилган», — деди Собир Хайтмуродов.

Унинг қайд этишича, касб-ҳунар ўрганаётган фуқароларнинг таълим жараёнидаги харажатлари қоплаб берилади, бундан ташқари, уларга стипендия ҳам ажратилади.

Ўзбекистонда ишсизлик нафақасининг энг юқори миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг уч бараварига тенг. Ҳозирги ҳисоб-китоб бўйича бу 4 миллион 80 минг сўмни ташкил этади.

Амалдаги тартибга кўра, ишсизлик нафақаси уч ойгача тўланиши мумкин. Бироқ Бандлик вазирлиги ушбу муддатни узайтириш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда.

«Биз ҳозир қонунчиликка ўзгартириш киритишни таклиф қиляпмиз. Бу орқали ишсизлик нафақаси тўлаш муддатини тўрт ойгача узайтириш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳаси парламентдан ўтиб, тасдиқланса, қабул қилиниши мумкин», — деди вазирлик департаменти раҳбари.

Ҳозирча бу таклиф қонунчиликка киритилиши режалаштирилаётган ўзгартириш ҳисобланади. Унинг кучга кириши парламент томонидан маъқулланиши ва тегишли тартибда тасдиқланишига боғлиқ.

Vaqt.uz аввалроқ йил давомида камбағаллик даражаси 5,8 фоиздан 3,6 фоизгача пасайгани ҳақида ёзганди.

Teglar

Mavzuga oid