Ўзбекистонда «сирли мижоз» орқали тиббий хизматлар баҳоланади
Энди дорихона ва клиникаларда хизмат сифат «сирли мижоз» усули орқали баҳолай олади. Янги қарор орқали бу жараён ҳуқуқий асосга эга бўлди.

Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларига чакана савдо ва тиббий хизмат кўрсатиш соҳаларида «сирли мижоз» ҳамда назорат хариди тадбирларини ўтказиш ваколати берилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Вазирлар Маҳкамасининг «Рақобатни таъминлашга кўмаклашиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тегишли тартиблар белгиланди. Унга кўра, ННТлар томонидан амалга ошириладиган «сирли мижоз» тадбирлари орқали тиббий хизматлар ва савдо нуқталарида қонун талабларига риоя этилиши мустақил баҳоланади.
Назорат хариди жараёнида олинган намуна ва маълумотлар лабораторияларда синовдан ўтказилади. Агар товар ёки хизмат талабларга жавоб бермаса, бу ҳақда тегишли идораларга маълум қилинади ва жамоатчиликка ошкор этилади. Биринчи марта аниқланган қонунбузарликда тушунтириш чоралари кўрилса, такрорий ҳолатларда текширув белгиланади.
Тадбирлар қонунчилик, холислик ва махфийлик принципларига асосан амалга оширилади. Рақобат қўмитаси ҳар бир назорат хариди бўйича жой, муддат ва масъулларни белгилайди, фото ва видео қайд этиш тартибини аниқлайди. Нодавлат ташкилотлар бу жараёнларни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади, қўмита эса уларга методик ёрдам кўрсатади.
Қарорга мувофиқ, Рақобат қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа соҳавий идоралар ушбу тизимнинг амалга оширилиши учун масъул этиб белгиланди. Улар ҳар йили нодавлат ташкилотларга давлат ижтимоий буюртмалари ажратиб, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларида таҳлиллар олиб боришга кўмаклашади.
Қўмитага кўра, «сирли мижоз» тизими орқали хизмат кўрсатиш сифати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари самарали назорат қилинади, бозорда адолатли рақобат муҳити шаклланади. Шу билан бирга, ННТлар фаолиятини рағбатлантириш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга ҳам хизмат қилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда умра сафарларини ноқонуний ташкил этаётган шахсларни аниқлаш мақсадида «сирли мижоз» яширин назорат тадбирлари амалга оширилиш режалаштирилган.





