Logo

Ўзбекистонда стартапларга 5 млрд сўмгача маблағ ажратилади

Bugun 18:003 daqiqa

2027–2030 йилларда «Келажак тадбиркори» дастури доирасида устувор соҳалардаги стартапларга имтиёзли молиялаштириш ва «регулятор қумдони»дан фойдаланиш имконияти берилади.

Ўзбекистонда стартапларга 5 млрд сўмгача маблағ ажратилади © Teranews

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган фармонига кўра, 2027–2030 йилларда кичик ва ўрта бизнесда стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда инновацияларни жорий этиш бўйича «Келажак тадбиркори» дастури амалга оширилади.

Дастур доирасида Миллий венчур фонди UzVC саноатнинг устувор ва юқори салоҳиятга эга йўналишларидаги стартапларни молиялаштиради.

Маблағлар қуйидаги 8 та соҳадаги ташаббусларга ажратилади:

1.   Электротехника — электроника ва унинг компонентлари, саноат датчиклари, «ақлли» ҳисоблагич ва қурилмалар, «ақлли» уйлар ҳамда шаҳарлар учун ечимлар;

2.   Машинасозлик — робототехника, машинасозлик ечимлари, саноатни автоматлаштириш, автоном транспорт, агротехника, учиш аппаратлари ва уларнинг деталлари;

3.   Фармацевтика — биотехнологиялар, фармацевтик субстанциялар, тайёр дорилар, тиббий техника ва маҳсулотлар;

4.   Кимё саноати — янги ўғитлар, биополимерлар, наноматериаллар, функционал қопламалар, аккумуляторлар ва электрон саноат учун ишлаб чиқариш ечимлари;

5.   Қурилиш материаллари — композит ва энергия тежамкор материаллар, қурилиш робототехникаси;

6.   Сув ва энергия тежамкорлиги — сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда суғориш, сув сизиб чиқишини аниқлаш, сувни тозалаш ва қайта ишлатиш, «ақлли» тармоқлар, аккумуляторлар, қуёш панелларини мониторинг қилиш, энергия самарадор техника;

7.   Қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар — автоном тизимлар, аналитик технологиялар, маҳсулот ишлаб чиқаришда ресурсларни тежайдиган ечимлар;

8.   Аэрокосмик соҳа — дронлар, учиш аппаратлари, сунъий йўлдошлар ва уларнинг компонентлари, геоахборот тизимлари, масофадан зондлаш.

Йилига 30 тагача стартап молиялаштирилади

Устувор йўналишлардаги ҳар йили 30 тагача стартап лойиҳа молиявий қўллаб-қувватланиши ва «регулятор қумдони»дан фойдаланиши мумкин. Лойиҳалар очиқ танлов асосида сараланади.

Ҳар бир лойиҳага 5 млрд сўмгача инвестиция ажратилади. Маблағ 3 йил муддатга фоизсиз ва гаровсиз қарз шаклида берилиб, кейинчалик корхонадаги улушга алмаштирилади ёки SAFE шаклида тақдим этилади.

Бунда давлат улуши 49%дан ошмаслиги белгиланган. Таъсисчиларга ушбу улушни бозор қийматида сотиб олиш ҳуқуқи берилади.

Конвертация ва давлат улушларини сотишдан тушган маблағлар янги стартап лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Стартапларга хусусий инвестициялар ҳам рағбатлантирилади

Фармонда стартапларга хусусий инвестицияларни рағбатлантириш чоралари ҳам назарда тутилган.

Ягона электрон платформада рўйхатдан ўтказилган стартаплар экотизимига устав капиталига маблағ киритган жисмоний шахслар, жумладан SAFE ёки конвертацияланадиган қарз шартномаси асосида инвестиция киритганлар «стартап-инвестор» — бизнес-фаришта мақомини олади.

Бундай инвесторларнинг лойиҳадаги ўз улушини сотишдан олган даромадлари, агар улуш инвесторга камида 3 йил тегишли бўлган бўлса, жисмоний шахслар даромад солиғидан озод қилинади.

Vaqt.uz аввалроқ туристик стартаплар учун 1 млрд сўмгача субсидия ажратилиши ҳақида хабар берганди. Маблағ ҳар йили туризм соҳасидаги энг яхши 10 тагача стартап лойиҳасига берилади.

Teglar

Mavzuga oid