Ўзбекистонда хусусий клиникаларга давлат ҳисобидан беморларни даволашга рухсат берилади
Президент фармонига кўра, хусусий клиникалар давлат билан шартнома асосида беморларни даволайди ва харажатлар ягона тарифлар асосида қопланади.
© greenme.itЎзбекистонда 2026-йил 1-июлдан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларига давлат тиббий суғуртаси ҳамда лицензия доирасида барча йўналишларда беморларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий хизматларни кўрсатишга рухсат берилади. Бунда даволаш харажатлари давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун ягона базавий нархлар асосида қоплаб берилади. Бу кеча, 5-май куни қабул қилинган «Тиббиёт соҳасида хусусий секторни қўшимча қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, миллий аккредитация ёки Соғлиқни сақлашда сифат бўйича халқаро жамияти (ISQua) томонидан аккредитациядан ўтказилган ташкилотларнинг аккредитациясидан ўтган тиббиёт ташкилотлари учун беморларни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаш бўйича Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги эксперт комиссиясининг хулосасини олиш талаби бекор қилинади. Жамғармага ажратилган маблағлар доирасида беморларга тиббиёт ташкилотларида ихтисослаштирилган амбулатор тиббий хизматлар кўрсатиш ва жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун йўлланма бериш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни тиббиёт ташкилотлари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилинади ҳамда касалликлар йўналишлари кесимида ойлик маблағлар ҳажмини белгилаш тартиби жорий қилинади. Тиббиёт ташкилотлари томонидан тиббий фаолият учун лицензия талаблари ва шартлари бузилган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини фақат бундай бузилишларга йўл қўйилган тиббий ихтисослик тури қисмида тўхтатиб туриш амалиёти йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, туғуруқни қабул қилиш йўналишида тиббиёт ташкилотларини ташкил этишда бактериологик лаборатория хизматларини аутсорсинг асосида йўлга қўйишга рухсат берилади.
200 миллион долларлик имтиёзли кредит линияси
Президент фармонида «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит линияси очилиб, тадбиркорлик субъектларига Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидан бошқа туман (шаҳар)ларда, шунингдек, чегара ҳудудларида юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатувчи тиббиёт марказларини ташкил қилиш учун Марказий банкнинг асосий ставкасидан 3 фоиз банд юқори ставкада 10 йил муддатга (3 йиллик имтиёзли давр билан) 10 миллион долларгача эквивалент миқдорида миллий валютада имтиёзли кредит ажратилиши белгиланган. Бунда «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан клиникаларни ташкил этиш бўйича лойиҳа ташаббускорларига кредит ажратиш учун уларга хизмат кўрсатувчи бошқа тижорат банкларига ресурс ажратилишига рухсат берилади.
Клиникаларни барпо этган тадбиркорлик субъектларига лойиҳанинг ўзини оқлаш даврига мос муддатларга мутаносиб равишда «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ ҳисобидан ажратиладиган кредитлар бўйича асосий ставканинг 50 фоизи миқдорида компенсация тўланади. Клиникалар зиммасига ўз фаолиятини йўлга қўйгандан сўнг 3 йил муддатда миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтиш мажбурияти юклатилади.
Ҳудудлардаги аҳоли сони, саломатлик кўрсаткичлари, касалланиш даражаси, тиббий хизматларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, клиникаларни ташкил этишга оид талаблар, шу жумладан, техник талаблар, уларнинг жойлашуви, фаолият йўналишлари ва бошқа муҳим параметрлар соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
Солиқ ва божхона имтиёзлари
Фармонга кўра, тиббиёт ташкилотларида ишлаш учун жалб этиладиган чет эл фуқароси бўлган шифокор, менежер, консултант ва тиббий жиҳозларга хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар учун 2029-йил 1-майга қадар ижтимоий солиқ 1 фоиз миқдорида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома бериш учун йиғим миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида белгиланади.
Клиникалар фаолиятини йўлга қўйиш учун уларни зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш ишлари тегишлича «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзсувтаъминот» АЖ корхоналари ҳисобидан амалга оширилади.
Шунингдек, 2026-йил 1-июлдан бошлаб 2029-йил 1-июлга қадар солиқ тўловчи томонидан ўзининг ҳар бир ходими ва унинг ҳар бир оила аъзоси учун йилига 10 миллион сўмдан ошмаган миқдорда тўланадиган ихтиёрий тиббий суғурта бадаллари учун харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланади.
Тиббиёт ташкилотлари томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича ўз эҳтиёжлари учун республика ҳудудига олиб кириладиган тиббий жиҳозлар, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда уларга қўлланадиган сарф материаллари, шунингдек, А тоифадаги махсус тиббиёт мақсадларига мўлжалланган янги автотранспорт воситалари 2026-йил 1-июндан бошлаб 2029-йил 1-июнгача бўлган муддатга импорт божхона божидан озод қилинади. Бунда мазкур бандда назарда тутилган автотранспорт воситаларининг мувофиқлигини баҳолаш, уларнинг миқдоридан қатъи назар, мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш орқали амалга оширилади.





