Logo

Ўзбекистондаги илк пулли йўл августда очилиши мумкин

Bugun 19:223 daqiqa

Урганч — Хива автомагистрали келаси ойда ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, Тошкент — Андижон автомагистрали бўйича халқаро тендер якунланиш арафасида, Тошкент — Чорвоқ йўли учун эса ҳукумат хусусий шерикни аниқламоқда.

Ўзбекистондаги илк пулли йўл августда очилиши мумкин © gov.kz

Ўзбекистондаги биринчи пулли автомобиль йўли — Урганч ва Хива шаҳарларини боғлайдиган автомагистрални август ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 22-июл куни Тошкент — Самарқанд автомагистрали қурилиши бошланишига бағишланган маросимда маълум қилди.

Давлат раҳбари таъкидлашича, мамлакатда давлат-хусусий шериклик асосида замонавий транспорт инфратузилмасини шакллантириш бўйича бошланган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Унинг сўзларига кўра, йирик автомобиль йўллари лойиҳаларини амалга ошириш режалари Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган 2026-йилги мурожаатномада белгиланган.

«Республикамизнинг тарихий марказларидан бири бўлган Хивани Урганч билан боғлайдиган илк пулли йўл қурилишини аллақачон бошлаганмиз. Насиб қилса уни кейинги ой фойдаланишга топширамиз», — деди президент.

Мирзиёев мазкур автомагистраль нафақат икки шаҳар ўртасидаги транспорт алоқасини яхшилаши, балки мамлакатнинг туристик инфратузилмасини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Янги йўл маҳаллий аҳоли билан бир қаторда хорижий сайёҳларга ҳам хизмат қилади.

Автомобиль йўллари қўмитаси маълумотларига кўра, 15-июл ҳолатида қурилиш ишларининг қарийб 80 фоизи якунланган. Узунлиги 35 километр бўлган автомагистралда тупроқ ишлари ҳамда асос қатламини барпо этиш ишлари тўлиқ тугалланган, 25 километр қисмига биринчи қатлам асфальт ётқизилган. Шунингдек, 15 та кўприк, битта тоннель, бешта ерости ўтиш йўлаги ва 101 та сув ўтказиш иншооти қуриб битказилган.

Йирик инвестиция лойиҳаси

120 млн долларлик лойиҳа февраль ойида бошланган бўлиб, янги автомагистраль мавжуд D215 автомобил йўлига муқобил трасса вазифасини бажаради. Йўл фойдаланишга топширилгач, Урганчдан Хивагача сафар вақти тахминан 60 дақиқадан 17 дақиқагача қисқариши, суткасига 20 мингдан ортиқ транспорт воситасини қабул қилиш имконияти яратилиши кутилмоқда.

Лойиҳа бешта лотга бўлинган бўлиб, якуний босқичда 17 та кўприк, саккизта йўл ўтказгич, битта тоннель ва бешта махсус ўтиш йўлаги қурилиши назарда тутилган.

Буюртмачи сифатида Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси иштирок этмоқда, пудрат ишларини эса қўмита тизимидаги ташкилотлар бажармоқда.

Лойиҳа ташқи инвестор ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Бироқ инвестор номи, тендер шартлари ва келгусидаги йўл ҳақи тарифлари ҳозирча очиқланмаган.

Тошкент — Андижон йўли

Президентнинг маълум қилишича, Тошкент — Андижон пулли автомагистрали бўйича халқаро тендер ҳам якунланиш арафасида.

Умумий узунлиги 314 километр бўлган ушбу лойиҳанинг биринчи босқичида Тошкент — Ангрен — Қамчиқ довони бўйлаб 171 километрлик янги йўл, жумладан, 33 километрлик тоннеллар қурилиши режалаштирилган. Қиймати 3,66 млрд доллар бўлган мазкур лойиҳа ишга тушгач, Тошкентдан Андижонга сафар вақти икки баробардан кўпроқ қисқариши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Тошкент — Чорвоқ пулли автомагистрали бўйича ҳам лойиҳалаш ишлари якунига етмоқда. Ҳукумат ҳозирда хусусий шерикни танлаш босқичида бўлиб, амалий қурилиш ишларини яқин вақт ичида бошлашни режалаштирмоқда.

Узунлиги 52 километр бўладиган олти тасмали трасса Чорвоққа сафар вақтини 80 дақиқадан 35 дақиқагача қисқартириши, туристик ҳудудга борувчи йўллардаги тирбандликларни сезиларли даражада камайтириши кутилмоқда.

Президент, шунингдек, Қашқадарё, Наманган, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида ҳам йирик автомобиль йўли лойиҳаларини жадаллаштириш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент — Самарқанд пулли йўлини қурадиган компания номи маълум қилинганди.

Teglar

Mavzuga oid