Logo

Ўзбекистонликлар Таиланд визаси учун Москвага бормасдан ариза топшириши мумкин

Bugun 07:554 daqiqa

15-сентабрдан Ўзбекистон фуқаролари Таиландга кириш учун виза расмийлаштириши керак бўлади. Туристик визани Thai E-Visa тизими орқали расмийлаштириш мумкин, консуллик йиғимини эса Тошкентдаги воситачи компания орқали тўлаш имконияти бор.

Ўзбекистонликлар Таиланд визаси учун Москвага бормасдан ариза топшириши мумкин

Таиланд 15-сентябрдан Ўзбекистон фуқаролари учун амалда бўлган 60 кунлик визасиз кириш тартибини бекор қилади. Шу муносабат билан туристик виза расмийлаштириш ва консуллик йиғимини тўлаш тартибига оид қўшимча маълумотлар очиқланди.

Аввалроқ Ўзбекистон фуқаролари виза йиғимини тўлаш учун Таиланднинг Москвадаги элчихонасига бориши кераклиги ҳақида хабар берилган эди. Бу виза аризаларини кўриб чиқиш бўйича Ўзбекистон ҳам Москвадаги элчихона юрисдикциясига кириши билан боғлиқ.

Таиланднинг Тошкентдаги фахрий консулхонаси маълум қилишича, йиғимни тўлашнинг бир нечта усули мавжуд ва бунинг учун Москвага бориш шарт эмас.

Жумладан, тўловни Ўзбекистонда Lilavadi Consult курьерлик-консалтинг компанияси орқали амалга ошириш мумкин. Шунингдек, Москвадаги танишлар орқали ҳам тўловни амалга ошириш имкони бор. Келгусида ушбу хизматни тўлиқ онлайн шаклга ўтказиш режалаштирилмоқда.

Виза қандай олинади?

Таиланд визаси Thai E-Visa электрон тизими орқали расмийлаштирилади. Ҳозирча тизимда Ўзбекистон фуқаролари учун виза талаб этилмаслиги ҳақидаги маълумот кўрсатилмоқда.

Аризани фуқаронинг ўзи ёки унинг вакили, жумладан туристик компания тўлдириши мумкин. Анкетада сафар мақсади ва йўналиши, алоқа маълумотлари ҳамда жорий иш жойига оид маълумотлар кўрсатилади.

Аризага паспорт, хорижга чиқиш паспорти, бориш ва қайтиш авиачипталари ёки тегишли брон ҳужжати, Таиландда яшаш жойи тасдиғи ҳамда сўнгги олти ойда олинган 4×6 сантиметрлик фотосурат илова қилинади.

Хорижга чиқиш паспортида камида икки бўш саҳифа бўлиши керак.

Шунингдек, ариза берувчи ўзининг молиявий имкониятларини тасдиқлаши лозим. Бунинг учун охирги уч ойдаги маблағлар ҳаракати ва ариза топшириш вақтидаги ҳисоб қолдиғи кўрсатилган инглиз тилидаги банк кўчирмаси талаб этилади.

Ҳисобда ҳар бир киши учун камида 20 минг тай бати, яъни 700 долларга етмайдиган маблағ бўлиши керак. Кредит карталари бўйича кўчирмалар қабул қилинмайди.

Вояга етмаганлар учун ота-онанинг ҳисоб рақамида камида 40 минг бат қолдиқ кўрсатилиши мумкин. Агар фарзандлар сони кўп бўлса, ҳар бир қўшимча бола учун яна камида 20 минг бат ҳисобланади.

Йиғимни қандай тўлаш мумкин?

Анкета юборилганидан кейин тизим QR-код ҳамда консуллик йиғимини тўлаш реквизитлари кўрсатилган тасдиқловчи ҳужжатни шакллантиради. Уни чоп этиш талаб қилинади.

Ҳозирча Thai E-Visa тизими Ўзбекистон банк карталарини қабул қилмайди. Шунинг учун ариза берувчи йиғимни тўлаш учун воситачи компания хизматидан фойдаланиши мумкин.

Таиланднинг Тошкентдаги фахрий консулхонаси маълумотига кўра, туристик виза учун консуллик йиғими 40 доллар, яъни тахминан 480 минг сўмни ташкил этади.

Тўловни уч хил усулда амалга ошириш мумкин:

1.    Москвадаги Таиланд элчихонасида шахсан;

2.    Москвадаги танишлар орқали — улар элчихонада йиғимни тўлаши мумкин;

3.    Тошкентдаги Lilavadi Consult орқали — компания тўловни сўмда нақд пулсиз ўтказма орқали қабул қилади.

Lilavadi Consult хизмати учун виза йиғимига қўшимча равишда 420 минг сўм тўланади.

Москвадаги танишлар орқали тўлов амалга оширилганда, йиғим электрон виза тизимида квитанция шаклланганидан кейин 14 кун ичида тўланиши мумкин. Элчихонада тўловлар иш кунлари Москва вақти билан 09:30 дан 12:30 гача қабул қилинади.

Виза электрон шаклда берилади ва паспортга ёпиштирилмайди. Шу сабабли паспортни Москвадаги элчихонага олиб бориш ёки топшириш талаб этилмайди.

Қандай қўшимча ҳужжатлар керак?

Айрим тоифадаги ариза берувчилардан қўшимча ҳужжатлар ҳам талаб қилинади.

Вояга етмаганлар учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси, шунингдек, боланинг хорижга чиқиши учун ота-оналар ёки қонуний вакилларнинг нотариал тасдиқланган розилиги керак бўлиши мумкин. Бунда ота-оналар паспортларининг нусхалари ҳам тақдим этилади.

Ишловчилардан иш жойидан лавозими, иш стажи ва таътил берилгани кўрсатилган маълумотнома талаб қилинади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар тадбиркорлик фаолияти давлат рўйхатидан ўтказилганини тасдиқловчи ҳужжатни, талабалар эса таълим муассасасидан тегишли маълумотномани тақдим этади.

Инглиз тилидан бошқа тилда тузилган ҳужжатлар нотариал тасдиқланган инглизча таржимаси билан берилиши лозим.

Консуллик ходимлари зарур деб топилган ҳолларда қўшимча ҳужжатларни сўраши ёки ариза берувчини суҳбатга чақириши мумкин.

Виза берилганидан кейин

Электрон почта орқали олинган визани Таиландга кириш вақтида чегара назорати ходимига тақдим этиш учун чоп этиб олиш керак.

Виза уч ой муддатга берилади. Бироқ мамлакатда қолишнинг аниқ муддати виза турига мувофиқ чегара назорати ходими томонидан белгиланади.

Шунингдек, Таиланд визаси бўйича зарур маълумотлар ва саволларга жавоб бериш имконини берувчи Telegram-бот ишга туширилиши кутилмоқда.

Виза расмийлаштириш жараёни умумий ҳисобда қанча вақт олиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот берилмаган.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқаролари учун Таиландга киришда янада қулай шароитлар яратиш масаласида Таиланд томони билан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган эди.

Teglar

Mavzuga oid