«Ўзсаноатқурилишбанк» Янгиобод бозори яқинидаги бинолар мажмуасини сотувга қўйди

Bugun 20:121 daqiqa

Мулк «Ўзбекистон Саноат-қурилиш банки» балансига қарздорлик эвазига олинган бўлиб, банк қарори асосида реализация қилинмоқда.

«Ўзсаноатқурилишбанк» Янгиобод бозори яқинидаги бинолар мажмуасини сотувга қўйди

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида, Янгиобод бозори яқинида жойлашган саноат объекти 33,2 миллиард сўм бошланғич нарх билан онлайн аукцион савдосига чиқарилди. Бу ҳақда электрон савдо платформасидаги 23441000-сонли лот маълумотларида маълум қилинди.

Савдолар 2026 йил 25 май куни соат 10:00 да ошириб бориш услубида ўтказилади. Иштирок этиш учун аризалар шу куни соат 09:00 га қадар қабул қилиниши белгиланган.

Яшнобод тумани, Толариқ кўчаси, 26-уй манзилида (Янгиобод бозори яқинида) жойлашган ушбу «База бино иншоотлари»нинг бошланғич нархи 33 215 000 000 сўмни ташкил этади. Обектни сотиб олиш истагида бўлган талабгорлар томонидан тўланадиган закалат пули миқдори 332 150 000 сўм этиб белгиланган.

Умумий ер майдони 1,4349 гектарни ташкил этувчи мазкур ишлаб чиқариш объекти 30 та хонадан иборат бўлиб, бинонинг умумий майдони 11 824 квадрат метрга тенг. 1994 йилда қурилган иншоотлар 1 ва 3 қаватли бинолардан ташкил топган. Кадастр маълумотларига кўра, ҳудудда 1 588 квадрат метр майдонни эгаллаган ўзбошимчалик билан қурилган қўшимча бино ва иншоотлар ҳам мавжуд.

Мулк «Ўзбекистон Саноат-қурилиш банки» АТБ балансига қарздорлик эвазига олинган бўлиб, банк қарори асосида реализация қилинмоқда. Объект электр энергияси, сув ва канализация тизимлари билан таъминланган. Харидордан мулкни сотиб олишдан олдин бинони жойига бориб кўриш талаб этилади.

Teglar

Mavzuga oid