Logo

«Пахтакор»ни молиялаштиришни тўхтатмоқчи бўлган Ортиқхўжаев, 48 млрд долларга етган давлат қарзи ва қарийб 5 миллионга етган енгил машиналар — 25 август дайжести

Kecha 23:004 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

«Пахтакор»ни молиялаштиришни тўхтатмоқчи бўлган Ортиқхўжаев, 48 млрд долларга етган давлат қарзи ва қарийб 5 миллионга етган енгил машиналар — 25 август дайжести

Жаҳон нефт ва озиқ-овқат нархлари ҳозирча Ўзбекистонга таъсир қилмади — Марказий банк

Марказий банк раиси Тимур Ишметов «Silk Road Finance & Technology» форумида маълум қилишича, жаҳон бозоридаги нефт ва озиқ-овқат нархларининг ўсиши ҳозирча Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир кўрсатгани йўқ. Бироқ ҳозирги юқори ноаниқлик ва ташқи таъсирлар кўп бўлган шароитда молиявий барқарорликни ошириш ҳамда захираларни шакллантириш регуляторнинг асосий диққат марказида турибди.

Шу билан бирга, жаҳон бозоридаги вазият вақт ўтиши билан мамлакат ички бозоридаги нархларга билвосита таъсир қилиши мумкинлиги истисно этилмаяпти. Шу сабабли Марказий банк ўзининг асосий вазифаси бўлган нархлар барқарорлигини таъминлаш доирасида ҳам инфляциянинг пасайишига, ҳам ташқи омиллар туфайли нархлар ошиши хавфига бирдек тайёр ҳолатда ишламоқда.

Ишметов: Икки йилда банк тизимини Basel III ва IFRS стандартларига тўлиқ мослаштирамиз

Марказий банк раиси Тимур Ишметов «Silk Road Finance & Technology Forum» доирасида Ўзбекистон банк тизимини халқаро стандартларга мослаштириш бўйича уч йиллик йўл харитасининг бир йили ортда қолганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, олдиндаги икки йил ичида банк сектори ва уни тартибга солиш механизмлари «Basel III», «IFRS» (Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари) ҳамда бошқа глобал талабларга тўлиқ мослаштирилади. Ушбу ислоҳотлар Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўтказилган молиявий секторни баҳолаш дастури (FSAP) натижаларига асосланган бўлиб, асосий мақсад тизимга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва халқаро инвесторлар учун барқарор муҳит яратишдир.

Шунингдек, регулятор банк тизимидаги жорий хавфлар, хусусан, аҳолини кредитлаш ҳажмининг ўсиши ва долларизация масалалари устидан макропруденциал назорат ўрнатган. Кўрилган чоралар натижасида депозитлар долларизациясининг даражаси қарийб 20 фоизга, хорижий валютадаги кредитлар улуши эса 50 фоиздан 37 фоизгача туширилган. Марказий банк раҳбарияти ҳар қандай молиявий хавф аниқланиши билан дарҳол тегишли тартибга солиш механизмлари жорий этилаётганини ва бу орқали суғурталанмаган валюта хатарлари бошқарилаётганини таъкидлаб ўтди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Пахтакор»ни молиялаштиришни тўхтатмоқчи

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими ва тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Пахтакор» футбол клубини молиялаштиришни тўхтатишга қарор қилди. Футбол мутахассиси Алишер Никимбаевнинг клуб ходимларига таяниб маълум қилишича, гарчи бу кутилган воқеа бўлса-да, қарорнинг бунчалик тез қабул қилиниши кутилмаган ва бу ҳақда жамоа аъзоларига 24 август куни хабар берилган. Ҳозирча ҳамкорлик тўхтатилганидан сўнг клубнинг кейинги тақдири, бошқарув модели ва янги молиялаштириш манбалари қандай бўлиши номаълумлигича қолмоқда.

Молиявий муаммолар билан боғлиқ ушбу ҳолат «Пахтакор»нинг Осиё Элит Чемпионлар лигасидаги муҳим иштироки олдидан юз бермоқда. Жамоа мазкур нуфузли мусобақадаги илк учрашувини қарийб уч ҳафтадан сўнг, яъни 14 сентябрь куни Саудия Арабистонида маҳаллий «Ал-Аҳли» клубига қарши ўтказиши режалаштирилган.

Ўзбекистон давлат қарзи уч ойда 1,33 млрд долларга ошди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг иккинчи чораги якунида Ўзбекистоннинг давлат қарзи 48,315 млрд долларга етди. Бу биринчи чоракка нисбатан 1,33 млрд долларга ёки 2,8 фоизга кўп демакдир. Жами қарзнинг қарийб 84 фоизини, яъни 40,711 млрд долларини ташқи қарз ташкил этади ва у уч ой ичида 935 млн долларга кўпайган. Шунингдек, давлат ички қарзи ҳам ўсиб, 7,604 млрд долларга етган. Натижада, давлат қарзининг дастлабки прогноз қилинган ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбати 26,3 фоиздан 27 фоизгача ошди.
Қарз таркибига назар ташласак, ташқи мажбуриятларнинг асосий қисми (38,639 млрд доллар) чет эл валютасида, 2,072 млрд доллари эса миллий валютада деноминация қилинган. Фоиз ставкалари бўйича ташқи қарзнинг 21,716 млрд доллари қатъий белгиланган, 18,728 млрд доллари эса ўзгарувчан ставкаларда жалб қилинган. Муддатлар кесимида олиб қаралганда, мажбуриятларнинг катта қисми узоқ муддатли бўлиб, ташқи қарзнинг 39,292 млрд доллари ва ички қарзнинг 5,435 млрд доллари бир йилдан ортиқ муддатда сўндирилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистонда аҳолига тегишли автомобиллар сони 5 миллионга яқинлашди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг 1 июль ҳолатига Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли автотранспорт воситалари сони 4 982 516 тани ташкил этди. Ушбу кўрсаткичнинг асосий қисми енгил автомобиллар ҳиссасига тўғри келиб, уларнинг сони 4 618 719 донани ташкил қилади. Шунингдек, аҳоли номида 343 375 та юк автомобили, 7 508 та микроавтобус, 7 128 та махсус транспорт воситаси ва 5 786 та автобус ҳам рўйхатга олинган.

Ҳудудлар кесимида автотранспорт воситаларининг энг кўп қисми Тошкент шаҳрида (637 706 та) рўйхатдан ўтган. Кейинги етакчи ўринларни Фарғона (573 472 та), Самарқанд (563 072 та), Тошкент (476 148 та) ва Қашқадарё (457 457 та) вилоятлари эгаллади. Бу борада энг паст натижалар эса Сирдарё (110 122 та), Жиззах (145 392 та) ҳамда Навоий (156 745 та) вилоятларида қайд этилган.

Teglar

Mavzuga oid