Президент Тошкент вилоятидаги полимер маҳсулотлар корхонасига борди

Шавкат Мирзиёев «Chirchiq» кимё-индустриал технопаркида фаолият юритаётган «Kmita Polymers» корхонаси фаолияти билан танишди.

Президент Тошкент вилоятидаги полимер маҳсулотлар корхонасига борди © prezident.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида жойлашган «Чирчиқ» кимё-индустриал технопаркида фаолият кўрсатаётган «Kmita Polymers» корхонасига ташриф буюрди.

Корхона Россиянинг «Polymers» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, махсус ва кенг ассортиментдаги полиэтилен ҳамда термоқисқарувчи плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

6 минг 670 квадрат метр майдонни эгаллаган корхонада Италиянинг замонавий технологик ускуналари асосида кенг ассортиментдаги полимер ва термоқисқарувчи плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Унинг ишга туширилиши натижасида 9,5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши таъминланмоқда.

Лойиҳа икки босқичли кенгайтириш дастури асосида амалга оширилмоқда. Инвестицияларнинг умумий қиймати 15,2 миллион долларни ташкил этади. Унинг биринчи босқичида 7,4 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилди.

Лойиҳа доирасида 50 та янги иш ўрни яратилди. Кейинги босқичларда иш ўринлари сони янада кўпайиши кутилмоқда.

2025-йилда бу ерда 115 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шу билан бирга, 6 миллион долларлик маҳсулот Марказий Осиё давлатларига экспорт қилинди.   

Корхона ишлаб чиқараётган полимер маҳсулотлар «Coca-Cola», «Pepsi», «Flash», «Черноголовка», «Ackerman», «Asl Oyna», «Biolife» ва «Family Group» каби йирик брендларнинг қадоқлаш тизимларида маҳаллий хомашё сифатида қўлланилмоқда.

Қадоқлаш индустрияси замонавий саноатнинг энг тез ривожланаётган йўналишларидан бири экани таъкидланди. Чунки маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошиб борган сари уни хавфсиз сақлаш, ташиш ва бозорга етказиб бериш талаблари ҳам кучаяётгани қайд этилди. 

Шу маънода, бундай корхоналар сонининг кўпайиши нафақат бир тармоқнинг ривожланишига, балки озиқ-овқат саноати, қурилиш, фарматсевтика ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларнинг барқарор ишлашига ҳам хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Teglar

Mavzuga oid