Профилактика инспекторларига йўл қоидаси учун жарима қўллаш ваколати берилди
Ўзбекистонда профилактика инспекторларига 17 турдаги кам аҳамиятли ҳуқуқбузарлик бўйича огоҳлантириш бериш ва маҳалла кўчаларида йўл қоидаларини бузганлик учун 4 турдаги ҳолат бўйича жарима қўллаш ваколати берилди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда профилактика инспекторларига 17 турдаги кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик учун огоҳлантириш бериш ва маҳалла кўчаларида йўл ҳаракати қоидаларининг 4 турдаги бузилиши бўйича жарима қўллаш ваколати берилди. Бу ҳақда 4-сентябр куни қабул қилинган президент қарорида белгиланди.
Қарорга мувофиқ, ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлинмалари фаолияти ягона тизим асосида ташкил этилади. Бунда фуқароларнинг мурожаат ва хабарларига тезкор жавоб бериш, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш устувор йўналишлар этиб белгиланади.
Ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омилларини жойида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан ҳар куни манзилли профилактик иш олиб бориш йўлга қўйилади.
Қўшимча ваколатлар берилди
Профилактика инспекторларининг ваколатлари ҳам кенгайтирилади. Улар биринчи марта содир этилган 17 турдаги кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича огоҳлантириш бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, инспекторлар маҳалла кўчалари ва йўлакларида йўл ҳаракати қоидаларининг 4 турдаги бузилиши бўйича маъмурий жазо қўллаши мумкин. Туман ва шаҳар ички ишлар органлари раҳбари ёки унинг ўринбосарлари ваколатидаги 9 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш ва жазо қўллаш ҳуқуқи ҳам берилади.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда профилактика инспекторининг асосий мақсади аҳоли ишончини ошириш ҳамда бириктирилган ҳудудда жиноятчиликни жиловлашдан иборат бўлади.
Инспекторларга касбий вазифаларига кирмайдиган қўшимча топшириқлар бериш тақиқланади. Шунингдек, уларнинг бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиғи бўлмаган бошқа раҳбарлар томонидан топшириқ ва кўрсатмалар берилишига йўл қўйилмайди.
Фаолият натижаси баҳоланади
Янги тартиб доирасида аҳолига профилактика инспектори фаолиятига нисбатан овоз бериш орқали «ишончсизлик ташаббуси» билдириш имконияти ҳам берилади. Бундай ташаббус инспекторга нисбатан ички ишлар органларидаги хизматидан бўшатишгача бўлган интизомий чораларни қўллаш учун асос бўлиши мумкин.
Судларнинг профилактика инспекторлари электрон шаклда юритган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича заруратсиз қоғоз ҳужжатларни талаб қилиши амалиёти ҳам бекор қилинади.
Профилактика инспекторлари фаолиятини баҳолашда аҳолининг уларга ишонч даражаси, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан боғлиқ жиноятлар кўрсаткичи ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг такроран содир этилиш даражаси асосий мезонлар бўлади.
Шу билан бирга, профилактика инспекторининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.





