Logo

«Пул иш бермади». Илон Маск қўллаган номзодларнинг деярли барчаси сайловда ютқазди

Bugun 11:144 daqiqa

Сайловчиларнинг демократик номзодларни оммавий қўллаб-қувватлаши миллиардерлар ва технология компанияларининг катта харажатларидан ҳам устун келди. Сайлов натижаларидан кейин Маск компанияларининг акциялари ҳам тушди.

«Пул иш бермади». Илон Маск қўллаган номзодларнинг деярли барчаси сайловда ютқазди © Foto: Sky News

Илон Маск АҚШ Конгрессига бўлиб ўтган оралиқ сайловлар кампаниясида номзодларни қўллаб-қувватлаш учун тарихдаги энг катта маблағлардан бирини сарфлади. Аммо сайлов натижалари бу харажатлар кутилган натижани бермаганини кўрсатди.

Маск молиявий ёрдам берган 43 нафар республикачидан фақат уч нафари Вакиллар палатасига сайланди. 33 нафари мағлуб бўлди. Қолган етти номзод эса овозлар ҳали саналаётган округларда демократик рақибларидан ортда қолди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Маск Сенатга сайланиш учун курашган етти нафар номзодни ҳам қўллаб-қувватлаган. Уларнинг олти нафари сайловда ютқазди. Аляскада эса демократ Мэри Пелтола овозларнинг 77 фоизи ҳисоблаб бўлинганидан кейин кичик фарқ билан олдинда бормоқда. Маск ўз компаниялари — «SpaceX» ва «Tesla» штаб-квартирасини Калифорниядан Техасга кўчирган эди. Бироқ бу штатда ҳам у қўллаб-қувватлаган номзодлар сайловда мағлуб бўлди. Маск жанжаллар марказида қолган республикачӣ Кен Пэкстонни қўллаб-қувватлаш учун 230 миллион доллар, губернаторлик сайлови учун эса яна 5 миллион доллар сарфлаган. Шунга қарамай, Техасдан Сенатга демократ Жеймс Таларико, губернаторликка эса Жина Инохоса сайланди.

Ярим миллиард доллар ҳам Маскка сайловда ғалаба келтирмади

«OpenSecrets» сайлов кампанияларини молиялаштиришни кузатиб борувчи ташкилот маълумотларига кўра, Маскнинг ўзи фақат Конгресс сайловлари учун 445 миллион доллар сарфлаган. Унинг умумий харажатлари эса бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. «Reuters» билан суҳбатлашган, бу харажатлардан хабардор манбанинг айтишича, миллиардер нотижорат ташкилотлари орқали ҳам ўнлаб миллион доллар сарфлаган. Шунингдек, штатлар ва маҳаллий даражадаги сайловларга ҳам маблағ ажратган.

«Financial Times» маълумотларига кўра, Маскнинг сайловларга сарфлаган умумий маблағи 470 миллион доллардан ошган. Йирик технология компанияларининг сайлов кампаниялари учун сарфлаган маблағларини мувофиқлаштирган сиёсий маслаҳатчилардан бири нашрга шундай деган:

«Пул иш бермади. Илон Маск ярим миллиард доллар сарфлади, аммо ўзи қатнашган барча сайловларда мағлуб бўлди».

Маскдан ташқари, Кремний водийсидаги бошқа миллиардерлар ҳам республикачилар номзодларининг сайлов кампанияларига 600 миллион доллардан ортиқ маблағ киритган. Бироқ бу катта харажатлар сайловчиларнинг норозилигига дуч келди. Бунга сунъий интеллект учун йирик маълумотлар марказларининг оммавий қурилиши, инфляциянинг юқорилиги ва Эрон билан уруш сабаб бўлган.

NBC телеканали ўтказган сайловдан чиқиш сўровида иштирокчиларнинг аксарияти маълумотлар марказлари қурилишини ўз танловига таъсир кўрсатган муҳим омиллардан бири деб атаган. Сиёсий маслаҳатчининг фикрича, сайловчиларнинг демократик номзодларни оммавий қўллаб-қувватлаши миллиардерлар ва технология компанияларининг катта харажатларидан ҳам устун келган.

Бундан ташқари, кўплаб америкаликлар йирик технология компанияларининг ҳукумат билан яқин алоқаларидан ҳам норози. Уларнинг фикрича, 2024-йилги президентлик сайловларидан олдин ва кейин Доналд Трампни фаол қўллаб-қувватлаган компаниялар унинг маъмуриятидан фойдали шартномалар ва турли енгилликларга эга бўлган.

«Tech Oversight Project» нотижорат ташкилоти раҳбари Саша Ховортнинг таъкидлашича, технология компаниялари раҳбарлари сайловларга юзлаб миллион доллар сарфлаган бўлса-да, уларнинг уринишлари натижа бермаган.

«Америкаликлар уларнинг коррупциявий таъсирини ва улар билан боғлиқ номзодларни рад этди», — деган у.

Техасдан Сенатга сайланган демократ Жеймс Таларико ҳам ғалабасидан кейинги нутқида йирик пулдорларга мурожаат қилди.

«Биз бугун ҳар бир миллионер ва триллионер ҳомийга, шунингдек, бузилган сиёсий тизимни ҳимоя қилаётган коррупцияга аралашган шахсларга аниқ сигнал бердик. Бу штатда ҳам, бутун мамлакатда ҳам ҳокимият халқ қўлида», — деди у.

Маск Таларикога қарши 153,5 миллион долларлик реклама кампаниясини ташкил қилган эди. Демократ ўзини ва Маскни Библиядаги Довуд ва Жолутга қиёслади.

«Бугун биз Жолутни мағлуб этдик», — деди у.

Маск эса 4-ноябр куни эрталаб X ижтимоий тармоғида ҳазиломуз пост қолдирди:

«Шундай кўринадики, сайловларга аралашиш учун мўлжалланган космик лазерларим бу сафар иш бермади».

Маскнинг компанияларини янги Конгресс текширувга олиши мумкин

Сайлов натижаларидан кейин Маск компанияларининг акциялари ҳам арзонлашди. 4-ноябр куни «SpaceX» акциялари 3,9 фоизга, «Tesla» акциялари эса 3,3 фоизга пасайди. 5-ноябр куни эрталаб эса уларнинг қиймати мос равишда яна 7 ва 9 фоизга тушди.

Бунга инвесторларнинг Конгрессда назорат демократик партия қўлига ўтганидан кейин Маск бизнесига нисбатан текширувлар кучайишидан хавотир олаётгани сабаб бўлди.

Хусусан, янги Конгресс Маскнинг Starlink сунъий йўлдош интернет хизмати, маълумотлар марказлари қуриш лойиҳалари ва унинг Трамп маъмурияти ҳамда Техас расмийлари билан алоқаларини текшириши мумкин. Бостон коллежининг сиёсатшунослик профессори Дэвид Хопкинснинг «Reuters»га айтишича, кўплаб демократлар Маскни республикачиларнинг асосий молиявий ҳомийларидан бири деб билади. Шу сабабли унинг сиёсий фаолияти ва компанияларига муносабат ўзгариши мумкин.

Профессорнинг фикрича, Маскнинг энг заиф томони — унинг аввал Трамп маъмуриятида Давлат бошқаруви самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари сифатида ишлагани ва компаниялари давлат билан бевосита боғлиқ эканидир.

Айрим текширувлар эса аллақачон бошланган. Октябр ойида Вакиллар палатаси ва Сенатнинг текширув қўмиталаридаги демократлар «SpaceX», АҚШ Мудофаа вазирлиги ва Оқ уйга хат юбориб, Starlink хизмати Украина ҳарбийлари учун интернет тезлигини пасайтиргани юзасидан маълумот талаб қилган. Бу масала янги Конгресс фаолияти давомида ҳам ўрганилиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid