Logo

Қирғизистонда «котлован»дан уй сотиш тақиқланди. Ўзбекистонда эса улушли қурилиш қонуни ҳануз кучга кирмаган

Қирғизистонда қурувчиларга пойдевор ва ер ости ишлари тугалланмагунча хонадон сотиш ва аҳолидан маблағ жалб этиш расман тақиқланди. Ўзбекистонда эса фақат 2025 йилнинг ўзида улушли қурилишдаги қонунбузилишлар оқибатида аҳолига 668 млрд сўм зарар етган, соҳани тартибга солувчи махсус қонун лойиҳаси ҳамон парламентда қолмоқда.

Қирғизистонда «котлован»дан уй сотиш тақиқланди. Ўзбекистонда эса улушли қурилиш қонуни ҳануз кучга кирмаган © Sun'iy intelekt

Қирғизистон қурилиш, архитектура ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Нурдан Ўрунтаев 4 ноябрь куни янги чекловларни назарда тутувчи буйруқни имзолади. Вазирлик маълумотига кўра, қурилишнинг «нолинчи цикли» (пойдевор ва ер остидаги барча қурилиш ишлари) тўлиқ якунланмагунча турар ва нотурар жойларни сотиш, объектларни реклама қилиш ҳамда фуқаролар ва юридик шахслардан маблағ жалб этиш тақиқланади.

Ушбу талаб фақат расмий олди-сотди шартномаларига эмас, балки дастлабки ва улушли иштирок шартномалари каби бошқа фуқаролик-ҳуқуқий битимларга ҳам татбиқ этилади. Тартиб ижроси Давлат архитектура-қурилиш назорати департаменти томонидан назорат қилинади.

Ўзбекистондаги вазият ва 668 млрд сўмлик зарар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда қурилиш ишлари ҳажми сўнгги йилларда 17,5 баробарга ошган. 2026 йил 10 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёевга ўтказилган тақдимотда фақат 2025 йилнинг ўзида улушли қурилиш соҳасидаги қонунбузилишлар оқибатида қарийб 3 минг нафар фуқарога 668 млрд сўм зарар етказилгани маълум қилинган.

Ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Июль-август ойларида биринчи ўқишдан ўтган мазкур ҳужжатда харидорлар маблағларини эскроу ҳисобварақлари орқали ҳимоя қилиш ҳамда уйларни белгиланган муддатларда топшириш механизмларини жорий этиш кўзда тутилган. 2026 йил 4 ноябрь ҳолатига кўра, қонун Сенат томонидан маъқуллангани ва кучга кирганини тасдиқловчи расмий маълумот мавжуд эмас.

Эскроу тизимидаги тафовут

Ўзбекистонда 2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк ва айрим автомобиль олди-сотди битимлари бўйича эскроу ҳисобварақларидан фойдаланиш тартиби жорий этилди. Янги механизмга кўра, харидор пулни банкдаги махсус ҳисобвараққа киритади, нотариус битимни тасдиқлагандан кейин маблағ сотувчига ўтказилади.

Ушбу хизматни «Капиталбанк», «Anorbank», «InfinBank» ва бошқа банклар йўлга қўйган. Бу тартиб тайёр кўчмас мулк ва автомобилларни олди-сотди қилишда ҳисоб-китоб хавфсизлигини оширишга қаратилган.

Бироқ буни улушли қурилишдаги эскроу тизими билан адаштирмаслик керак. Яъни харидор тайёр уйни сотиб олаётганда маблағ банк орқали ўтказилиши билан ҳали қурилмаган уй учун қурувчига пул тўлаш жараёни бир хил эмас.

«Котлован» босқичидаги хонадонлар учун асосий масала — харидорнинг маблағи қурилиш компанияси ихтиёрига қай тартибда ўтиши, унинг мақсадли ишлатилиши ва қурилиш тугалланмаган тақдирда пул қайтарилишини кафолатлашдир.

Шу сабабли 1 апрелдан ишга тушган эскроу механизми улушли қурилиш бозоридаги барча муаммолар ҳал бўлганини англатмайди. Бунинг учун улушли қурилишга мўлжалланган алоҳида ҳуқуқий ва молиявий механизмлар тўлиқ ишлаши керак.

Қозоғистон ва Тожикистон тажрибаси

Қозоғистонда улушли қурилиш учун маблағ жалб қилиш ҳокимлик рухсати ёки ягона оператор кафолати каби талаблар билан тартибга солинади. Шунга қарамай, инвестиция ва бронлаш шартномалари орқали дастлабки босқичда хонадон сотиш ҳолатлари учраб туради.

Тожикистонда эса фирибгарлик ҳолатлари — битта хонадонни бир неча кишига сотиш муаммоси долзарб бўлиб қолмоқда. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йилда қурилиш компаниялари ва воситачилари иштирокида 112 та шундай жиноят қайд этилган. Прокуратура текширувлари натижасида 308 та маъмурий ва 37 та жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда Душанбеда харидорларга объектнинг ҳуқуқий мақомини олдиндан текшириш имконини берувчи рақамли тизим жорий этилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid