Қиш яқин: коммунал тўловлар бу йил қанчага қимматлашади?
Қиш мавсуми яқинлашар экан, янги тарифлар оилаларнинг коммунал харажатларига таъсир қилмасдан қолмайди. Vaqt.uz электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва оқова сув тарифларини таҳлил қилиб, 2026–2027-йилги қишда хонадонлар қанча кўпроқ пул сарфлаши мумкинлигини ҳисоблади.

Қиш яқинлашгани сари уй хўжаликларининг коммунал харажатлари масаласи яна долзарб бўлади. Айниқса, уйини табиий газ ёрдамида иситадиган оилалар учун совуқ ойларда тўловлар сезиларли даражада ошади. Бу йил эса электр энергияси ва табиий газ тарифларининг кўтарилиши, шунингдек, Тошкент вилоятида ичимлик суви ва оқова сув хизматлари қимматлашгани оилавий бюджетга қўшимча юк бўлиши турган гап.
Vaqt.uz’да ўтказилган сўровномада қатнашган 867 кишининг 54,6 фоизи коммунал хизматларга ойига 500 минг сўмдан кўпроқ пул сарфлашини билдирган. Иштирокчиларнинг 26,1 фоизи эса ойлик коммунал харажатлари 1 млн сўмдан ошишини айтган.
Хўш, 2026–2027-йилги иситиш мавсумида оддий оила электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва оқова сув учун қанча пул сарфлайди? Янги тарифлар ўтган йилга нисбатан харажатларни қанчага ўзгартиради? Vaqt.uz Тошкент вилояти мисолида бир нечта истеъмол сценарийси асосида ҳисоб-китоб қилди.
Электр ва газ тарифлари: 2025 ва 2026-йилда нархлар қандай ўзгарди?
2026-йил 1-июндан Ўзбекистонда аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ тарифлари яна оширилди. Янги нархлар Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 15-майдаги 243-сон қарори билан тасдиқланган. Электр ва газ учун табақалаштирилган тарифлар сақлаб қолинди: яъни хонадон қанча кўп энергия сарфласа, белгиланган чегаралардан ошган қисми учун шунча юқори нархда тўлайди.
Электр энергияси нархи. 2026-йил 1-июндан электр энергияси тарифлари истеъмол ҳажмига қараб 6,7 фоиздан 12,5 фоизгача ошди. Оддий маиший истеъмолчиларда дастлабки 200 кВт·соат электр энергиясининг нархи 600 сўмдан 650 сўмга кўтарилди. Кейинги поғоналарда эса бир киловатт-соат учун 800 сўм ўрнига 900 сўм, 1000 сўм ўрнига 1100 сўм тўланади. Юқори истеъмол поғоналарида ҳам тарифлар оширилган.
Ойлик истеъмол поғонаси | 2025-йил 1-майдан | 2026-йил 1-июндан | Тариф ўсиши |
|---|---|---|---|
Дастлабки 200 кВт·соат | 600 сўм | 650 сўм | 8,3% |
201–500 кВт·соат | 800 сўм | 900 сўм | 12,5% |
501–1 000 кВт·соат | 1 000 сўм | 1 100 сўм | 10% |
1 001–5 000 кВт·соат | 1 500 сўм | 1 600 сўм | 6,7% |
5 001–10 000 кВт·соат | 1 750 сўм | 1 900 сўм | 8,6% |
10 001 кВт·соат ва ундан кўп | 2 000 сўм | 2 200 сўм | 10% |
Изоҳ: жадвалдаги нархлар одатий маиший истеъмолчилар учун. Ҳар бир тариф фақат тегишли истеъмол поғонасига тушадиган электр энергияси ҳажмига қўлланади.
Демак, электр энергиясининг бир киловатт-соатига белгиланган нарх барча истеъмол поғоналарида бир хил фоизда ошмаган. Энг катта ўсиш — 12,5 фоиз — ойига 201–500 кВт·соат оралиғидаги истеъмол учун белгиланган тарифда кузатилади. Дастлабки 200 кВт·соат нархи эса 8,3 фоизга ошган.
Бу фарқни оиланинг ойлик тўлови мисолида кўриш мумкин. Ойига 200 кВт·соат электр ишлатадиган хонадон 2025-йилда 120 минг сўм тўлаган бўлса, янги тарифда 130 минг сўм тўлайди. Яъни харажат 10 минг сўмга ошади.
Ойига 500 кВт·соат электр энергияси сарфлайдиган хонадон учун эса ҳисоб қуйидагича:
Ҳисоб-китоб | 2025-йил | 2026-йил |
|---|---|---|
Дастлабки 200 кВт·соат | 120 000 сўм | 130 000 сўм |
Кейинги 300 кВт·соат | 240 000 сўм | 270 000 сўм |
Жами | 360 000 сўм | 400 000 сўм |
Шундай қилиб, ойига 500 кВт·соат электр ишлатадиган хонадоннинг ойлик тўлови 40 минг сўмга ёки 11,1 фоизга ошади. Бу тарифларнинг ўзгариши натижасидаги фарқ бўлиб, электр истеъмоли ҳам кўпайган тақдирда ҳақиқий тўлов бундан юқори чиқиши мумкин.
Табиий газ нархи: қишки базовий меъёр ва тарифлар қандай ўзгарди?
2026-йил 1-июндан аҳоли учун табиий газ тарифлари истеъмол ҳажмига қараб 10–11,1 фоизга оширилди. Бунда қишки иситиш мавсумида дастлабки 500 куб метр газ учун нарх 1000 сўмдан 1100 сўмга, кейинги истеъмол поғонасида эса 1800 сўмдан 2000 сўмга кўтарилди.
Газ тарифларида базавий меъёр муҳим аҳамиятга эга. Тошкент вилоятида одатий тартиб бўйича ноябрдан февралгача ойига дастлабки 500 куб метр газ базавий меъёр доирасида ҳисобланади. Иситиш мавсумидан ташқари даврда эса бу меъёр ойига 100 куб метрни ташкил этади. Базавий меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган газ юқорироқ тарифда ҳисобланади.
Ойлик газ истеъмоли | 2025-йил 1-майдан | 2026-йил 1-июндан | Тариф ўсиши |
|---|---|---|---|
Базавий меъёр доирасида — иситиш мавсумида 500 м³ гача, бошқа даврда 100 м³ гача | 1000 сўм/м³ | 1100 сўм/м³ | 10% |
501–2500 м³ — иситиш мавсумида | 1800 сўм/м³ | 2000 сўм/м³ | 11,1% |
Демак, қишки базавий меъёр доирасида газ нархи ҳар бир куб метр учун 100 сўмга ошган. Агар хонадон ойига 500 куб метр газ ишлатса, унинг тўлови 500 минг сўмдан 550 минг сўмга кўтарилади. Бу бир ойда 50 минг сўм қўшимча харажат дегани.
Базавий меъёрдан ортиқ истеъмол қиладиган оилаларда харажат янада кўпроқ ошиши мумкин. Масалан, ойига 700 куб метр газ ишлатадиган хонадоннинг тўлови қуйидагича ҳисобланади:
Ҳисоб-китоб | 2025-йил | 2026-йил |
|---|---|---|
Дастлабки 500 м³ | 500 000 сўм | 550 000 сўм |
Кейинги 200 м³ | 360 000 сўм | 400 000 сўм |
Жами | 860 000 сўм | 950 000 сўм |
Бундай истеъмол шароитида ойлик тўлов 90 минг сўмга ёки қарийб 10,5 фоизга ошади. Бу ҳисоб-китоб бир хил ҳажмдаги истеъмолга асосланган. Қишда уйини кўпроқ иситадиган ёки иссиқликни яхши сақламайдиган хонадонларда газ сарфи ортиши, натижада якуний тўлов ҳам юқорироқ чиқиши мумкин.
Шундай қилиб, табиий газ тарифларининг ошиши оиланинг қишки харажатларига бевосита таъсир қилади. Бунда нафақат бир куб метр газ нархи, балки хонадоннинг базавий меъёрдан ошадиган истеъмоли ҳам муҳим. Шу сабабли қишки коммунал харажатларни ҳисоблашда тарифлар билан бирга газ сарфини ҳам ҳисобга олиш керак.
Сув ва оқова сув тарифлари: нархлар қанчага ошди?
Электр энергияси ва табиий газ билан бир қаторда, Тошкент вилоятида ичимлик суви ва оқова сув хизматлари ҳам қимматлади. Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг 2026-йил 16-сентябрдаги қарорига мувофиқ, янги тарифлар 3-октябрдан кучга кирди. Бироқ нархлар вилоятдаги сув таъминоти ташкилотига қараб фарқ қилади.
«Тошкент вилояти сув таъминоти» хизмат кўрсатадиган ҳудудларда аҳоли учун ичимлик сувининг бир куб метри 2912 сўмдан 3472 сўмга ошди. Бу 19,2 фоизлик ўсиш демакдир. Оқова сув хизматининг бир куб метри эса 1 456 сўмдан 1680 сўмга кўтарилиб, 15,4 фоизга қимматлади.
Маълумот учун, вилоятда сўнгги марта 2025-йил 1-июлда сув таъминоти ўртача 26,7−36,4 фоизга, оқова сув хизмати эса хизмат кўрсатувчи ташкилотга қараб 30 фоизга қимматлаганди. Айрим ҳолда 3,8 баробаргача ошган.

Манба: Vaqt.uz
Демак, ичимлик суви тарифидаги ўсиш оқова сув хизматига нисбатан юқорироқ бўлган. Бироқ хонадоннинг умумий тўлови ҳар икки хизмат учун қанча сув ҳисобланишига боғлиқ. Масалан, ойига 10 куб метр ичимлик суви ишлатадиган ва шунча ҳажмдаги оқова сув хизмати ҳисобланадиган хонадонни олайлик. Аввал ичимлик суви учун 29 минг 120 сўм, оқова сув учун эса 14 минг 560 сўм тўланган. Жами харажат 43 минг 680 сўмни ташкил этган.
Янги тарифларда ичимлик суви учун 34 минг 720 сўм, оқова сув учун 16 минг 800 сўм тўланади. Натижада умумий ойлик тўлов 51 минг 520 сўмга етади. Бу аввалги суммадан 7840 сўм ёки 18 фоиз кўп.

Манба: Vaqt.uz
Шундай қилиб, бир хил ҳажмда сув ишлатадиган хонадон учун тарифлар ўзгариши ойига 7840 сўм, тўрт ойда эса 31 минг 360 сўм қўшимча харажатни юзага келтиради. Бу ҳисоб-китобга электр энергияси, газ ва бошқа коммунал хизматлар киритилмаган.
Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, бу нархлар «Тошкент вилояти сув таъминоти» хизмат кўрсатадиган ҳудудларга тегишли. Вилоятнинг бошқа ҳудудларида хизмат кўрсатувчи ташкилотга қараб тарифлар фарқ қилиши мумкин. Шу сабабли қишки коммунал харажатларни ҳисоблашда хонадоннинг қайси ҳудудда жойлашганини ҳам эътиборга олиш зарур.
Қишки коммунал харажатлар: тўрт ойда қанча пул кетади?
Электр энергияси, табиий газ ва сув тарифларидаги ўзгаришларнинг оилавий бюджетга таъсирини тушуниш учун уларни алоҳида эмас, жами харажат сифатида кўриб чиқиш керак. Айниқса, иситиш мавсумида газ сарфи ошиши мумкин. Шу сабабли Vaqt.uz 2026–2027-йил қиши учун учта шартли истеъмол сценарийси асосида ҳисоб-китоб қилди.
Ҳисоб-китобда электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва оқова сув харажатлари инобатга олинди. Сценарийлар тежамкор, ўртача ва юқори истеъмолни акс эттиради. Бунда сув ва оқова сув учун ойига 10 куб метр сарф, газ учун эса тегишли истеъмол ҳажмлари қабул қилинди.
Сценарий | Электр энергияси | Табиий газ | Сув ва оқова сув |
|---|---|---|---|
Тежамкор истеъмол | 200 кВт·соат/ой | 300 м³/ой | 10 м³/ой |
Ўртача истеъмол | 300 кВт·соат/ой | 500 м³/ой | |
Юқори истеъмол | 450 кВт·соат/ой | 700 м³/ой |
Бу кўрсаткичлар расмий ўртача истеъмол статистикаси эмас, балки тарифлар ўзгаришининг харажатларга таъсирини кўрсатиш учун танланган шартли мисоллардир.
Бир ойда коммунал тўловлар қанча бўлади?
2025 ва 2026-йил тарифларини бир хил истеъмол ҳажмига қўллаб ҳисоблаганда қуйидаги натижа чиқади:

Манба: Vaqt.uz
Масалан, ўртача истеъмол сценарийсидаги хонадон электр энергияси, газ, ичимлик суви ва оқова сув учун ойига қарийб 822 минг сўм сарфлайди. Худди шу ҳажмдаги истеъмол 2025-йил тарифларида ҳисобланганда харажат қарийб 744 минг сўмни ташкил этарди. Фарқ ойига қарийб 78 минг сўм.
Тўрт ойлик қиш харажатлари
Агар истеъмол ҳажми ноябрдан февралгача ҳар ой бир хил бўлса, жами харажат қуйидагича шаклланади:

Манба: Vaqt.uz
Шундай қилиб, ўртача истеъмол сценарийсида электр, газ, сув ва оқова сув учун тўрт ойда қарийб 3,3 млн сўм сарфланади. Бир хил истеъмол ҳажмида янги тарифлар оиланинг тўрт ойлик харажатини қарийб 311 минг сўмга оширади.
Бироқ бу рақамлар ҳар бир оила айнан шунча пул тўлайди дегани эмас. Ҳақиқий харажатлар уй майдони, иситиш усули, об-ҳаво, электр ва газ истеъмоли, сув сарфи ҳамда ҳудуддаги тарифларга қараб фарқ қилади. Бундан ташқари, ҳисоб-китобга марказий иситиш, чиқинди олиб кетиш ва бошқа коммунал хизматлар киритилмаган.
Vaqt.uz ушбу ҳисоб-китобда тахминий истеъмол ҳажмларидан фойдаланди. Айрим оилалар бундан кўпроқ, бошқалари эса камроқ электр, газ ва сув ишлатиши мумкин. Шу билан бирга, мамлакатнинг табиий газ етиб бормайдиган, электр таъминоти ёки ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар мавжуд ҳудудларида яшайдиган оилаларнинг шароити ҳам бошқача. Бу мавзуга ҳали батафсил тўхталамиз.
Vaqt.uz сўровномаси: аҳолининг коммунал харажатлари қанча?
Vaqt.uz Telegram канали ва X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ўқувчилар орасида бир ойлик коммунал харажатлар бўйича сўровномалар ўтказилди. Telegram’даги сўровда 869 киши, X’даги сўровда эса 24 киши қатнашди.
Telegram сўровномаси натижаларига кўра, иштирокчиларнинг энг катта қисми — 32,7 фоизи коммунал хизматлар учун ойига 200 минг сўмдан 500 минг сўмгача маблағ сарфлашини билдирган. Яна 28,7 фоиз респондентнинг харажатлари 500 минг сўмдан 1 миллион сўмгача, 26 фоиз иштирокчининг харажатлари эса 1 миллион сўмдан ортиқ. Қолган 12,7 фоиз респондент ойига 200 минг сўмгача пул сарфлашини кўрсатган.

Манба: Vaqt.uz
X’даги сўровномада ҳам 200–500 минг сўмлик харажатлар тоифаси биринчи ўринни эгаллади. Иштирокчиларнинг 45,8 фоизи шу оралиқда маблағ сарфлашини айтган. Респондентларнинг 25 фоизи ойига 500 минг сўмдан 1 миллион сўмгача, 20,8 фоизи 200 минг сўмгача, 8,3 фоизи эса 1 миллион сўмдан кўпроқ пул сарфлашини билдирган.
Ҳар икки сўровномада ҳам ойига 200 минг сўмдан 500 минг сўмгача харажат қиладиганлар энг катта гуруҳни ташкил этди. Шу билан бирга, Telegram сўровида қатнашганларнинг ярмидан кўпи коммунал тўловлари ойига 500 минг сўмдан ошишини билдирган.
Изоҳ: Бу натижалар Vaqt.uz аудиториясидаги коммунал харажатлар манзарасини кўрсатади, бироқ уларни бутун Ўзбекистон аҳолиси бўйича умумий хулоса сифатида қабул қилиб бўлмайди. Сўровномалар иштирокчиларининг сони ва аудитория таркиби турлича.
Умуман олганда, 2026–2027-йилги иситиш мавсумида коммунал харажатлар нафақат тарифларнинг ошиши, балки хонадоннинг энергия ва сув истеъмоли, иситиш усули ҳамда яшаш ҳудудига ҳам боғлиқ бўлади.
Vaqt.uz тахминий ҳисоб-китобларига кўра, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва оқова сув учун ўртача истеъмол сценарийсидаги хонадон тўрт ойда қарийб 3,3 млн сўм сарфлаши, янги тарифлар эса аввалги нархларга нисбатан харажатни қарийб 311 минг сўмга ошириши мумкин. Бу суммага марказий иситиш, чиқинди олиб чиқиш ва бошқа коммунал хизматлар киритилмаган. Демак, қишки харажатларни олдиндан режалаштиришда тарифлардаги ўзгаришлар билан бирга оиланинг реал истеъмолини ҳам ҳисобга олиш муҳим.
Teglar






