Logo

Қозоғистон инсон тараққиёти бўйича МДҲ ва Марказий Осиёда етакчи бўлди

Bugun 08:253 daqiqa

Мамлакат дунё ва минтақа ўртача кўрсаткичларидан ҳам юқори натижа қайд этди. Қўшни давлатда харид қобилияти паритети бўйича аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи миллий даромад 30,9 минг доллардан ортиққа тенг.

Қозоғистон инсон тараққиёти бўйича МДҲ ва Марказий Осиёда етакчи бўлди © dknews.kz

2025-йилги ҳисоботга кўра, 2023-йил натижалари асосида Қозоғистон 193 та давлат ва ҳудуд орасида 60-ўринни эгаллади. Мамлакатнинг инсон тараққиёти индекси 0,837 ни ташкил этди. Бу ҳақда «Ranking.kz» хабар берди.

Индексни ҳисоблашда туғилгандаги кутилаётган умр давомийлиги, кутилаётган ва ўртача таълим олиш йиллари, шунингдек харид қобилияти паритети бўйича аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи миллий даромад ҳисобга олинади. HDI қиймати 0 дан 1 гача бўлади. Унинг натижасига қараб давлатлар тўрт гуруҳга ажратилади: жуда юқори (0,800 ва ундан юқори), юқори (0,700–0,799), ўрта (0,550–0,699) ва паст (0,550 дан кам) инсон тараққиёти даражасига эга мамлакатлар. Қозоғистонники эса, юқорида айтиб ўтилганидек, жуда юқори инсон тараққиёти даражасига мос келади.

Қозоғистон МДҲ ва Марказий Осиёда биринчи ўринда

Бу МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари орасида энг яхши натижа ҳисобланади. Кейинги ўринларда Россия (0,832 ва 64-ўрин), Беларусь (0,824 ва 65-ўрин) ҳамда Арманистон (0,811 ва 69-ўрин) жойлашган. Ушбу тўрт давлатнинг барчаси жуда юқори инсон тараққиёти гуруҳига киради.

Қозоғистонда кутилаётган умр давомийлиги 74,4 йилни ташкил этди. Беларусда ҳам айнан шундай кўрсаткич қайд этилган, Россияда эса бу рақам 73,2 йилни ташкил қилади.

Қозоғистонда кутилаётган таълим олиш муддати 14 йил, ўртача таълим олиш муддати эса 12,5 йилни ташкил этди. Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон таълим тизими турли халқаро рейтингларда ҳам юқори натижаларни кўрсатмоқда. Масалан, «QS Best Student Cities 2027» рейтингига кўра, мамлакатнинг икки шаҳри — Олмаота ва Остона — ўз ўрнини яхшилади. Олмаота 78-ўринни (13 поғона юқорига), Остона эса 119-ўринни (8 поғона юқорига) эгаллаб, Қозоғистон Марказий Осиёда талабалар учун энг яхши мамлакат эканини яна бир бор тасдиқлади. Рейтингда мамлакатнинг асосий устунликлари сифатида кучли университетлар ва олий таълимнинг нисбатан қулайлиги қайд этилган.

Бошқа давлатларда қанақа?

Қозоғистонда харид қобилияти паритети бўйича аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи миллий даромад 30,9 минг доллардан ортиқни ташкил этди. Таққослаш учун, Россияда бу кўрсаткич 39,2 минг доллар, Беларусда 26,7 минг доллар, Арманистонда эса 20,2 минг долларни ташкил этди.

12


Юқори инсон тараққиёти даражасига эга давлатлар қаторига Озарбайжон (0,789), Молдова (0,785), Украина (0,779), Туркманистон (0,764), Ўзбекистон (0,740) ва Қирғизистон (0,720) ҳам кирди. Тожикистон эса 128-ўринни эгаллаб, 0,691 кўрсаткич билан кўриб чиқилган давлатлар орасида ўрта даражадаги инсон тараққиёти гуруҳида қолган ягона мамлакат бўлди. Юқори даражадаги гуруҳга ўтиш учун унга атиги 0,009 балл етмади.

Қозоғистон дунё ва минтақа ўртача кўрсаткичларидан юқори натижа қайд этди

2023-йилда дунё бўйича ўртача HDI 0,756, Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича эса 0,818 ни ташкил этди. Қозоғистоннинг кўрсаткичи дунё ўртача даражасидан 0,081 балл, минтақа ўртача даражасидан эса 0,019 балл юқори бўлди.

1990–2023-йиллар давомида Қозоғистоннинг инсон тараққиёти индекси 0,148 баллга, яъни 21,5 фоизга ошди. Шу даврда Европа ва Марказий Осиё минтақасида ўсиш 0,144 балл, дунё бўйича эса 0,148 баллни ташкил этди. Бироқ Қозоғистон дастлабдан юқорироқ кўрсаткичга эга бўлгани сабабли, давр охирига келиб минтақадаги устунлигини янада мустаҳкамлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон яширин иқтисодиётга қарши 2028 йилгача мўлжалланган режани тасдиқлаганди.

Teglar

Mavzuga oid