Logo

Қозоғистон янги алоқа сунъий йўлдоши учун 22 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратди

Bugun 11:063 daqiqa

Ҳозирда Қозоғистоннинг миллий сунъий йўлдош алоқа тизими Марказий Осиё ва Россиянинг айрим ҳудудларида телевидение ва радиоэшиттириш, маълумот узатиш, телефон алоқаси ҳамда интернет хизматларини таъминлайди.

Қозоғистон янги алоқа сунъий йўлдоши учун 22 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратди © Kazinform

Қозоғистон ҳукумати мамлакатнинг сунъий йўлдош тизимини янгилашни бошлади. Шу мақсадда KazSat-3R номли янги алоқа сунъий йўлдошини яратиш учун 22,3 миллион доллар маблағ ажратилди.

У 2029-йилда хизмат муддати тугайдиган KazSat-3 сунъий йўлдошининг ўрнини эгаллаши режалаштирилган. Бундан ташқари, ҳукумат Ер юзини кузатувчи сунъий йўлдошлар тармоғини кенгайтириш, сунъий йўлдошларни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда Бойқўнғир космодроми орқали тижорат ракета учириш хизматларини ривожлантириш устида ишламоқда.

Қозоғистоннинг сунъий йўлдош тизими қандай ишлайди?

Ҳозирда Қозоғистоннинг миллий сунъий йўлдош алоқа тизими KazSat-2 ва KazSat-3 сунъий йўлдошлари ҳамда Оқкўл ва Кўктерекдаги иккита бошқарув марказидан иборат. Ушбу тизим Қозоғистон, Марказий Осиё ва Россиянинг айрим ҳудудларида телевидение ва радиоэшиттириш, маълумот узатиш, телефон алоқаси ҳамда интернет хизматларини таъминлайди.

KazSat-3’ни алмаштириш заруратининг асосий сабабларидан бири унинг хизмат муддати якунланаётганидир. Бундан ташқари, 2023-йилда сунъий йўлдошнинг электр таъминоти тизимида носозлик юз бериб, у вақтинча ишламай қолган эди. Бу ҳолат сунъий йўлдош телевидениеси узилишига сабаб бўлиб, Қозоғистоннинг ўз орбитал инфратузилмасига қанчалик боғлиқ эканини кўрсатди.

2025-йилнинг май ойида Сенатнинг Халқаро алоқалар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Андрей Лукин KazSat-3R лойиҳасини амалга ошириш учун 40,2 миллиард тенге (тахминан 86 миллион доллар) давлат маблағи талаб қилиниши мумкинлигини айтган эди. У, шунингдек, давлат харидлари қоидалари хорижий сунъий йўлдош ишлаб чиқарувчиларининг иштирокини чеклаши мумкинлигини билдириб, лойиҳани алоҳида тартиб асосида амалга оширишни таклиф қилган.

Ҳукумат маълумотига кўра, KazSat тизимидан 19 та телекоммуникация оператори фойдаланади. У 2 миллиондан ортиқ абонентга телевидение хизматларини кўрсатади. Бундан ташқари, тизим радиоэшиттириш, маълумот узатиш, мобил алоқа ва интернет хизматларини ҳам таъминлайди. Айниқса, ерусти алоқа инфратузилмасини қуриш қийин бўлган чекка ҳудудларда бу тизим муҳим аҳамиятга эга.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Қозоғистон аҳолисининг 99 фоизи юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш имкониятига эга. Миллий статистика бюроси маълумотига кўра, 2026-йил 1-июнь ҳолатига мамлакат аҳолиси 20,5 миллион кишини ташкил этган.

Янги космик лойиҳалар ва Байтерек дастури

Янги алоқа сунъий йўлдоши Қозоғистон миллий космик дастурининг бир қисмидир. Мамлакат 2027-йилда KazEOSat-2 ўрнига учта KazEOSat-MR Ер кузатувчи сунъий йўлдошини учиришни режалаштирмоқда. 2029–2030-йилларда яна учта сунъий йўлдош орбитага чиқарилади ва натижада бундай сунъий йўлдошлар сони олтитага етади. Қозоғистон ўзининг ракета учириш инфратузилмасини ҳам ривожлантирмоқда. Россия билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Байтерек лойиҳаси доирасида Бойқўнғир космодромидаги учириш мажмуаси Союз-5 ракетаси учун модернизация қилинди. 2026-йил 30-апрель куни илк синов учирилиши муваффақиятли ўтказилди.

Ҳукуматнинг таъкидлашича, бу синов мажмуанинг тўлиқ ишга тайёрлигини тасдиқлади. Союз-5 ракетасининг тижорат учирилиши ракета конфигурацияси ва қўшимча босқичига қараб 50–60 миллион доллар туради. Таққослаш учун, SpaceX Falcon 9 ракетасининг тижорат учирилиши тахминан 67 миллион долларга баҳоланади. Қозоғистон расмийлари бундай нарх сиёсати халқаро ракета учириш хизматлари бозорида рақобатбардош бўлишга ёрдам беради, деб ҳисобламоқда.

Қозоғистон сунъий йўлдош экспорт бозорига чиқмоқчи

Қозоғистон сунъий йўлдош экспортини ҳам истиқболли йўналиш сифатида кўрмоқда. Маҳаллий компаниялар Конго, Мўғулистон ва Нигерия учун сунъий йўлдош ишлаб чиқариш лойиҳаларини ўрганмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати тахминан 75 миллион долларга баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси Қозоғистонни ЙИМ ўсиши бўйича кучли давлатлар қаторига киритганди.

Teglar

Mavzuga oid