
Қозоғистонда автобус ағдарилиб, 2 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Ақтобе вилоятида ичида ўзбекистонликлар бўлган йўловчи автобуси ағдарилиб кетди. ФВВ ҳолат юзасидан расмий ахборот берди.

Қозоғистоннинг Ақтобе вилоятида юз берган йўл-транспорт ҳодисасида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, Yutong русумли йўловчи автобуси 7 декабр куни республика аҳамиятидаги автомобил йўлининг 1028-километрида ағдарилиб кетган.
Расмий маълумотларга кўра, Перм—Тошкент йўналишида ҳаракатланган автобус Айтекеби туманидаги йўл участкасидан ўтар экан, ён томонга ағдарилиб ариққа тушиб кетган. Ҳодиса вақтида транспорт воситасида 49 нафар йўловчи бўлган. Улардан 5 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди, жумладан 2 нафар Ўзбекистон фуқароси борлиги маълум қилинган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги марҳумларнинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш, уларнинг дафн маросимларини ташкил этиш ва оилаларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида масъул идоралар билан биргаликда ишчи гуруҳ тузганини билдирди. Айни пайтда вазирлик ходимлари Қозоғистон расмийлари билан доимий мулоқотда бўлиб, ҳодиса сабабларини ўрганишда ҳамкорлик қилмоқда.
Ҳодисанинг аниқ сабаблари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, автобуснинг техник ҳолати, йўл шароити ва ҳайдовчи ҳаракатлари тўлиқ ўрганилиши билдирилмоқда.





