Қозоғистонда Қурултойга илк сайлов бошланди
Мамлакатнинг янги конституциясига мувофиқ, 1-июлдан бошлаб Сенат тугатилганди ва унинг ўрнига бир палатали Қурултой ташкил этилганди.
© Nur.kzҚозоғистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, соат 07:00 ҳолатига республикадаги 20 та ҳудудда 10 минг 363 та сайлов участкасида овоз бериш бошланган. Яна 107 та участкада ҳудудий сайлов комиссиялари қарорига асосан овоз бериш соат 06:00 да бошланган. Шунингдек, 16 та хорижий давлатдаги 19 та сайлов участкасида ҳам овоз бериш старт олган.

Мамлакат бўйича жами 10 минг 423 та сайлов участкаси фаолият кўрсатмоқда. Улардан 79 таси 61 та хорижий давлатда жойлашган.
Сайловчилар рўйхатига 12 млн 605 минг 788 фуқаро киритилган. Улардан 17 минг 132 нафари ўз яшаш ҳудудидан ташқарида овоз бериш учун махсус гувоҳнома олган.

Марказий сайлов комиссияси соат 10:00 ҳолатига сайловчиларнинг фаоллиги ҳақида ҳам маълумот берди. 2 млн 264 минг 411 сайловчи бюллетен олган, бу сайловчилар рўйхатига киритилганларнинг 17,96 фоизини ташкил қилади. Энг юқори сайловчилар фаоллиги Қизилўрда вилоятида — 22,91 фоиз қайд этилган. Энг паст кўрсаткич эса Олмаота шаҳрида — 9,96 фоизни ташкил қилган.
Эслатиб ўтамиз, 1-июл куни Қозоғистонда 2026-йил 15-март куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида қабул қилинган мамлакатнинг янги конституцияси кучга кирганди. Янги конституцияга мувофиқ, 1-июлдан бошлаб Сенат тугатилди ва унинг ўрнига бир палатали Қурултой ташкил этилди.
Шу билан бирга, вице-президент лавозими ҳам таъсис этилди. Президентнинг кўрсатмаларига биноан, вице-президент давлат идоралари билан ўзаро муносабатларда президент томонидан белгиланган функцияларни бажаради.





