Logo

Россия чеклов қўйган бешта экспортчи корхона жойлашган ҳудудлар маълум қилинди

Bugun 20:102 daqiqa

Россия Федерацияси томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига вақтинчалик чеклов жорий этилган Ўзбекистоннинг 5 та корхонаси Хоразм, Сурхондарё, Навоий ва Бухоро вилоятларида жойлашган. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси маълум қилди.

Россия чеклов қўйган бешта экспортчи корхона жойлашган ҳудудлар маълум қилинди

Қўмита хабарига кўра, фитосанитария талабларини мунтазам бузиш ҳолатлари қайд этилган мазкур экспортчи корхоналарнинг:

• 1 таси Хоразм вилояти Янгибозор туманида (15 та ҳолат);
• 1 таси Сурхондарё вилояти Узун туманида (11 та ҳолат);
• 2 таси Навоий вилояти Қизилтепа туманида (15 та ҳолат);
• 1 таси Бухоро вилояти Ғиждувон туманида (7 та ҳолат) жойлашган.

Мазкур корхоналарнинг карантин остидаги маҳсулотларини Россия ҳудудига олиб кириш 2026 йил 23 июлдан бошлаб вақтинча чекланади.

Ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари бошланди

Қўмита хабарига кўра, айни пайтда тақдим этилган расмий маълумотнома ва эътирозномалар ҳар бир корхона кесимида ўрганилмоқда. Жараён давомида корхоналарда маҳсулот етиштириш, сақлаш, саралаш ва экспортга тайёрлаш босқичлари, шунингдек, фитосанитария назорати ҳамда кузатувчанлик (traceability) тизимининг амалдаги ҳолати текширилади.

Ўрганишлар якуни бўйича миллий қонунчилик ва халқаро талаблар асосида тегишли ҳуқуқий ва ташкилий чоралар кўрилади. Бундан ташқари, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, хавфларни камайтириш ва чекловларни қисқа муддатда бекор қилиш бўйича «Россельхознадзор» билан ишчи мулоқотлар олиб борилмоқда.

Қўмита мазкур чекловлар фақатгина фитосанитария талабларини бузгани қайд этилган ушбу 5 та корхонага нисбатан қўлланилаётганини яна бир бор эслатиб ўтди. Белгиланган талабларга тўлиқ риоя қилган ҳолда фаолият юритаётган бошқа маҳаллий экспортчилар учун ҳеч қандай чеклов йўқ ва уларнинг экспорт жараёнлари одатий тартибда давом этмоқда.

Чеклов ҳақида

Эслатиб ўтамиз, кеча Ўзбекистоннинг 5 та экспортчи корхонасига Россия томонидан 2026 йил 23 июлдан бошлаб карантин остидаги маҳсулотларни олиб киришга нисбатан вақтинчалик чекловлар жорий этилаётгани хабар қилинган эди.

Чеклов жорий этилаётган корхоналар асосан оқ бошли карам, гулкарам, пиёз, шивит, петрушка, узум, лавлаги, помидор ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилган. 2026 йил бошидан буён жўнатилган маҳсулотларда 132 та ҳолатда Россия учун карантин аҳамиятига эга объектлар аниқланган. БУлар қаторида помидор мевасининг жигарранг буришиш вируси (Tomato brown rugose fruit virus), Жанубий Америка помидор куяси (Tuta absoluta), ғарбий гул трипси (Frankliniella occidentalis) ва қанд лавлаги томирларининг некротик сарғайиш бенивируси (Beet necrotic yellow vein benyvirus) каби зарарли организмлар бор.

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси тадбиркорларни экспорт қилинаётган маҳсулотлар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенция (IPPC), Жаҳон ҳайвонлар саломатлиги ташкилоти (WOAH), Codex Alimentarius стандартлари ҳамда Жаҳон савдо ташкилотининг (WTO SPS) битими талабларига тўлиқ мувофиқ бўлиши шартлиги ҳақида огоҳлантирган. Акс ҳолда, маҳсулотлар ортга қайтарилиши ёки Ўзбекистон учун экспорт бозорлари ёпилишига сабаб бўлиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid