Россия иқтисодиёти «хавфли мувозанат»га кирди — Fortune

24.02.2026 | 08:552 daqiqa

Таҳлилчиларга кўра, нефт даромадларининг кескин пасайиши ва бюджет босими Россия иқтисодиётини ёзга бориб жиддий молиявий синовдан ўтказиши мумкин.

Россия иқтисодиёти «хавфли мувозанат»га кирди — Fortune

Тўрт йил муқаддам Владимир Путин Украинага кенг кўламли босқин уюштириш буйруғини берганидан сўнг жорий этилган халқаро санкциялар туфайли Россия иқтисодиёти аста-секин «хавфли мувозанат» ҳолатига кирди.

«Fortune» нашрининг ёзишича, мамлакат иқтисодий тизими ҳозирча қулаётгани йўқ, аммо у ўз келажагини изчил равишда емирадиган механизмга айланган. Carnegie Russia Eurasia Center илмий ходими, Россия Марказий банкининг собиқ маслаҳатчиси Александра Прокопенко бу ҳолатни «негатив мувозанат» деб атаган. Унинг сўзларига кўра, иқтисод «ўзини сақлаб турибди, аммо шу билан бирга келажак асосларини емирмоқда».

Иқтисодий ўсиш амалда тўхтаган, ғарб санкциялари фонида нефт даромадлари икки баробарга қисқарган. Бюджет тақчиллиги эса давлат захираларини тез суръатда сарфламоқда. Натижада мамлакатда икки хил иқтисод шаклланган: бири — Кремл устувор деб ҳисоблаган ҳарбий сектор, иккинчиси — қолган барча тармоқлар.

 

Ҳарбий рента модели

Ҳозирги тизим «ҳарбий рента» деб аталиши мумкин. Давлат мудофаа корхоналарига бюджет трансфертлари ажратади, бу эса иш ҳақи ва қисман иқтисодий фаолликни сақлаб туришга хизмат қилади. Бироқ бу маблағлар танк, бронетехника ва бошқа қурол ишлаб чиқаришга сарфланмоқда. Бундай активлар кейинчалик йўқ қилинади ёки шикастланади ва узоқ муддатли иқтисодий ўсиш учун база яратмайди.

Шунингдек, ҳарбий сафарбарликка сарфланган маблағлар фуқаролик сектори самарадорлигини оширмайди. «Center for Strategic and International Studies» баҳолашларига кўра, Россия қўшинларининг умумий йўқотишлари 1,2 миллион кишига етган, шундан 325 минг нафари ҳалок бўлган. Прокопенко бу жараённи «организм мушакларини энергия учун ёқмоқда» деб таърифлаган.

 

Молиявий босим

Марказий банк асосий ставкаларни пасайтирганига қарамай, тизимли муаммолар монетар ёки фискал чоралар билан ҳал этилмаяпти. Давлат қарзи бўйича фоиз тўловлари жорий йилда таълим ва соғлиқни сақлашга ажратилган умумий харажатлардан ошиб кетиши кутилмоқда.

«The Washington Post» маълумотига кўра, Россия амалдорлари ёзга бориб молиявий инқироз хавфи борлиги ҳақида огоҳлантирган. Январ ойида нефт даромадлари ўтган йилга нисбатан 50 фоизга тушган. Москвадаги тадбиркорлардан бири инфляция кучайиши фонида инқироз «уч-тўрт ой» ичида юзага келиши мумкинлигини билдирган. Ресторанлар ёпилмоқда, ходимлар қисқартирилмоқда, аҳоли кредит юкини кўтаришда қийналмоқда. Бу эса банк тизими учун ҳам қўшимча хатар яратади.

Teglar

Mavzuga oid