Logo

Россия Павел Дуровни халқаро қидирувга берди

Bugun 12:282 daqiqa

«Telegram» асосчиси умрбодга қамалиши мумкин.

Россия Павел Дуровни халқаро қидирувга берди © Forbes

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) «Telegram» мессенжери асосчиси Павел Дуровга Россия Жиноят кодексининг 205.1-моддаси 1.1-қисми («террорчилик фаолиятига кўмаклашиш») бўйича айблов эълон қилиниб, халқаро қидирувга берилди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, айблов Украина махсус хизматлари томонидан «Telegram» платформасидаги оммабоп «Дайвинчик» чатботидан фойдаланиб, Россия фуқароларини диверсион ва террорчилик ҳаракатларига жалб этгани ҳақидаги жиноят иши доирасида қўйилган. Россия махсус хизмати «Telegram» маъмурияти мазкур чатбот ҳамда шунга ўхшаш каналларни ўз вақтида ўчирмаганини иддао қилмоқда.

ФХХ'га кўра, 2025-йил июл ойидан буён Москва, Санкт-Петербург ва бошқа шаҳарларда 12 ёшдан 22 ёшгача бўлган 46 нафар Россия фуқароси ушбу чатбот орқали ёлланганликда гумон қилиниб қўлга олинган. Идоранинг иддаосича, улар Украина махсус хизматлари топшириғи билан транспорт ва алоқа объектларига ўт қўйиш, ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳужум қилиш каби ҳаракатларни амалга оширган.

Оғир жазо қўлланилиши мумкин

ФХХ маълум қилишича, «Дайвинчик» чатботи 2025 йил декабрь ойида тақиқланган маълумотларни тарқатгани учун «Роскомнадзор»нинг тақиқланган интернет ресурслари реестрига киритилган. Бироқ махсус хизматлар «Telegram» ушбу ресурсни ўз вақтида блокламаганини таъкидламоқда.

Россия Жиноят кодексининг 205.1-моддасига кўра, айблов исботланган тақдирда Павел Дуровга 8 йилдан 15 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Дуров ҳозирча изоҳ бермаган

Халқаро ахборот агентликлари маълумотига кўра, Павел Дуров ва «Telegram» маъмурияти ҳозирча Россия томонидан қўйилган айбловларга расмий муносабат билдирмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йил феврал ойида Дуровга нисбатан ЖКнинг 205.1-моддаси 1.1-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилганлиги ҳақидаги хабарлар Россиянинг ҳукуматпараст нашрларида эълон қилинганди.

Дуров эса бу айбловларга изоҳ бериб: «Россия менга қарши «терроризмга кўмаклашиш» бўйича жиноий иш қўзғатди. Ҳар куни ҳукумат россияликларнинг «Telegram»дан фойдаланишини чеклаш учун янги баҳоналар ўйлаб топмоқда, бу билан шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва сўз эркинлиги ҳуқуқини бостиришга интилмоқда. Ўз халқидан қўрқадиган давлатнинг аянчли манзараси», — деган эди ўзининг инглиз тилида юритадиган каналида.

Айни пайтда Павел Дуровга нисбатан «Telegram» сабаб Францияда ҳам жиноий иш қўзғатилган. 2024 йилда у бошқа шахслар мессенжер орқали содир этган жиноятлар, жумладан фирибгарлик, пул ювиш, болалар порнографияси ва наркотиклар тарқатилишида шерикликда, шунингдек, «Telegram» Франция полицияси сўровларини эътиборсиз қолдиришда айбланган эди.

Teglar

Mavzuga oid